Жаҳон | 09:26 / 01.09.2019
9791
2 дақиқада ўқилади

Польшада Иккинчи жаҳон урушининг 80 йиллиги билан боғлиқ хотира тадбирлари бошланди

Фото: AP Photo / Alik Keplicz

Польшанинг Вестерплатте яримороли ва Велюнь шаҳарларида Иккинчи жаҳон урушининг 80 йиллиги билан боғлиқ хотира тадбирлари бошланди.

Айнан шу икки жой 1939 йил 1 сентябрда биринчи бўлиб фашистлар ҳужумига учраган.  

Германиянинг “Шлезвиг-Гольштейн” крейсери Вестерплаттедаги ҳарбий-транзит гарнизонига денгиздан ўт очган. Польшанинг ушбу гарнизони Гитлер қўшинларининг ҳужумларини 7 кунгача қайтарган, бироқ сўнгра таслим бўлган. 

Вестерплаттега ҳужум билан биргаликда Велюнь шаҳри авиация бомбардимонига учраган.

Вермахт армиясига Польша армиясини енгиш учун 5 ҳафта вақт талаб қилинган. Жорий йилда Велюнга Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ташриф буюриб, унга Польша президенти Анжей Дуда ҳамроҳлик қилмоқда. Улар бу ерда нутқ сўзлаб, сўнгра бомбардимонда йўқ қилинган черков хотирасига ўрнатилган ёдгорлик тоши, вайрон бўлган синагога ўрнидаги ёдгорлик олдида гулчамбарлар қўйишлари режалаштирилган.

Дуда германиялик ҳамкасбига ташрифи учун миннатдорлик билдирган. 

“Дунё бу даҳшатли сабоқни олиш учун уни бошдан кечириши лозим эди. Қўлида қурол бўлмаган ўн миллионлаб ҳаётларни олиб кетган сабоқ”, деб айтган Дуда.

У уруш гувоҳлари ҳаётдан кетганда ҳам уруш тарихини унутмасликка чақирган. “Бу шундай воқеа бошқа ҳеч қаерда такрорланмаслиги учун зарур”, деб қўшимча қилган Дуда ва “фақатгина тарихий ҳақиқат яраларни битира олиши мумкин”, деб таъкидлаб ўтган. 

Штайнмайер ўз навбатида поляклардан уруш қурбонлари учун кечирим сўраган.

“Бу ўтмишни унутиб бўлмайди. У ўтиб кетмайди ва доимо ёдда бўлади. Германия президенти сифатида биз уни унутмаслигимизга ваъда бераман. Ёдда сақлаймиз ва бизга тарих қўядиган жавобгарликни қабул қиламиз”, деб айтган Штайнмайер.

Аввалроқ таъкидланганидек, Польшадаги тадбирларга 20 та давлат раҳбари таклиф қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид