Жаҳон | 19:12 / 03.09.2019
49956
2 дақиқада ўқилади

Эрон ҳукумати 28 ёшли эркак ва 9 ёшли қизнинг никоҳини бекор қилишни талаб қилди

Фото : @BabakTaghvaee

Эрон ҳукумати Бойир-Аҳмад вилоятидаги Бахмай округи шариат судидан 28 ёшли эркак ва 9 ёшли қизчанинг никоҳини бекор қилишини талаб қилди. Бу ҳақда журналист Бобок Тақвоий ўз твиттер-аккаунтида хабар қилган.

Таъкидланишича, ушбу қарор никоҳ тўйидан лавҳалар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилингандан кейин жамоатчилик босими остида қабул қилинган. Бундан ташқари, маҳаллий нашрлар эркак 28 да эмас, 22 ёшда эканлигини ёзишмоқда. Бироқ журналистлар қизча 9 ёшда эканлигини тасдиқлашган.

Тақвоий, шунингдек, эркакнинг шахсини очиқлаган. Эркакнинг исми Милад Чашаний бўлиб, у Ислом инқилоби соқчилари корпусига кирувчи Басиж қўшинлари жангчиси ҳисобланади. Чашаний уйланишга округ шариат судида рухсат олган. 

Аввалроқ эронлик аёл журналист Масих Алинажод твиттерда қизнинг тўйи видеосини эълон қилиб, бу ҳолат уни йиғлашга мажбур қилганини, қизча 13 ёшдан кичикроқлигини айтган. Шундан кейин ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари жамоатчилик ташкилотларини ушбу воқеага эътибор қаратишга чақиришган. 

Эронда қонунга кўра, қизларга 13 ёшдан, эркакларга 15 ёшдан никоҳ қуришга рухсат берилган. Ислом уламолари эрта никоҳни маъқуллашади, чунки, уларнинг фикрича, бу никоҳсиз алоқаларнинг олдини олади. Бунинг учун эса Эронда қатъий жазолар кўзда тутилган. 

Мавзуга оид