Оқ уй АҚШнинг Польша билан имзолаган декларацияси Хитойга қарши қаратилганини тан олди
Оқ уй Варшавада АҚШ вице-президенти Майкл Пенс ва Польша бош вазири Матеуш Моравецкий томонидан имзоланган “5-авлоддаги тармоқлар яратиш хавфсизлиги” ҳақидаги декларация Хитойга қарши қаратилганини тан олди.
“Биз биргаликда Хитой коммунистик партиясининг Huawei каби компаниялар ёрдамида Хитой ҳарбийлари ва махсус хизматлари учун разведка маълумотини йиғишга уринишларининг олдини олишимиз лозим”, деб айтган Оқ уй аппарати раҳбари Марк Шорт.
Таъкидланишича, имзоланган ҳужжатда икки давлат “5G соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишни” қайд қилган. “Янги авлод тармоқларини носозликлар, манипуляциялардан ҳимоялаш ҳамда Польша ва АҚШ фуқаролари эркинликлари ва дахлсизликларини таъминлаш катта аҳамиятга эга”, дейилган декларацияда.
АҚШ вакиллари аввалги баёнотларида Польшада Хитой қурилмалари ёрдамида 5G тармоқлари пайдо бўлиши мақсадга мувофиқмаслигини айтишган. Январда Польша махсус хизматлари Huawei’нинг Европада 5G тармоқлари яратиш билан шуғулланувчи ходимини Хитой фойдасига жосуслик қилиш гумони билан ушлаган. Польша 5G тармоқларини жорий қилишда Хитой компанияси қурилмаларини қўллашдан воз кечмоқчи, бироқ бу масала бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.