Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани хабар берилганди.

293-моддага (Электрон шаклдаги хизматлар кўрсатиш чоғида чет эллик юридик шахслар томонидан ҳисоботларни тақдим этиш ва солиқ тўлаш) кўра, солиқ ҳисоботи чет эллик юридик шахслар томонидан солиқ органига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган формат бўйича электрон шаклда тақдим этилади.

Ушбу чет эллик юридик шахслар томонидан солиқ органига ҳужжатларни (ахборотни) ва маълумотларни тақдим этиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш мумкин бўлмаган даврда бундай ҳужжатлар (ахборот) ва маълумотлар телекоммуникация алоқа каналлари орқали тақдим этилади.

Солиқ ҳисоботлари, ҳужжатлар (ахборот) ва маълумотлар ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

Чет эллик юридик шахслар томонидан солиқни тўлаш солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади.

Ушбу бўлимни қўллаш мақсадларида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жаҳон Интернет ахборот-телекоммуникация тармоғидан автоматик усулда фойдаланиш орқали кўрсатилган хизматлар электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради. Электрон шаклдаги хизматлар жумласига қуйидагилар киради:

дастурий таъминотдан (шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан Интернет тармоғи орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга доир ҳуқуқлар тақдим этиш;

электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини Интернет тармоғи орқали, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;

Интернет тармоғида, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва Интернетда ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек Интернет тармоғида реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт бериш;

Интернет тармоғида товарларни (ишларни, хизматларни), мулкий ҳуқуқларни олиш (реализация қилиш) тўғрисида таклифлар жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;