22:25 / 04.09.2019
0
32765

Трамп шошма-шошарлиги туфайли махфий сунъий йўлдошни ошкор қилиб қўйди 

АҚШ президенти Дональд Трамп махфий сунъий йўлдошдан олинган суратни эълон қилиб, АҚШ миллий хавфсизлигини хавф остига қўйди. Бу ҳақда “Форбес” нашри ёзди. 

Август охирида Эроннинг фазовий ракета учириши муваффақиятсизлик билан якунланиб, у портлаб кетган. Шундан кўп ўтмай Трамп твиттерда воқеа жойининг сунъий йўлдошдан олинган суратини жойлаштирган. АҚШ президенти суратга қолдирган изоҳида АҚШнинг бу ҳодисага алоқаси йўқлигини ва Эронга нима юз берганини аниқлашда омад тилаб қолишини айтган. 

Трампнинг ушбу хабарига астрономлар сурат юқори аниқликда бўлгани ва яққол қандайдир разведка қурилмаси томонидан олингани сабабли эътибор қаратишган. Уларнинг тахминига кўра, сурат USA 224 айғоқчи сунъий йўлдоши томонидан олинган. 

Астроном Марко Лангбрук сурат олинган аниқ вақтни ҳамда азимутни аниқлаб, симуляторда суратнинг аниқ нусхасини олишга муваффақ бўлган. “Жуда кучли ўхшашлик, мен бу сурат USA 224’дан олинганига шубҳа қилмайман”, деб ёзган астроном.

Бошқа бир астроном Сис Басса ҳамкасби ҳақ бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, ушбу сунъий йўлдош Ер сиртининг 10 сантиметргача бўлган энг аниқ суратларини олишга қодир. Таъкидланишича, сунъий йўлдош Хаббл телескопи каби 2,4 метрлик кўзгуга эга.

Интернетда мавжуд маълумотларга кўра, USA 224 ҳарбий сунъий йўлдоши фазога 2011 йил январда учирилган, унинг нархи 2 млрд долларни ташкил қилади. У KH-11 оптик-электрон айғоқчи сунъий йўлдошлар гуруҳига тегишли бўлиб, бундай сунъий йўлдошлардан ҳаммаси бўлиб 16 та учирилган.

“Бу глобал оқибатларга олиб келади. Ўта эътиборсизлик. Тентакларча қилинган”, деб изоҳ берган воқеага ядро қуролини тарқатиш бўйича мутахассис Жошуа Поллак.

Унинг айтишича, Трамп миллий хавфсизликни хавф остига қўйди, чунки Вашингтон рақиблари Трамп ошкор қилган маълумотларни АҚШга қарши қўллаши мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top