Ўзбекистон | 14:39 / 05.09.2019
3291
5 дақиқада ўқилади

Етим болалар учун ажратиладиган ҳомийлик маблағларидан фойдаланиш тартиби белгиланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ва мол-мулкларидан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, ҳомийлик ташкилотлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат тарбия муассасасига мол-мулкни, шунингдек пул маблағларини (ҳомийлик хайриялари) қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда ва бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдамлар кўрсатилиши мумкин.

Давлат тарбия муассасаларига ҳомийлик қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилиши мумкин:

тарбияланувчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, тарбияланувчиларнинг моддий аҳволини яхшилаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва уларга маънавий-руҳий ёрдам кўрсатиш;

болаликни ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг маънавий камол топишига кўмаклашиш;

турли маданий-маърифий, спорт ва бошқа кўринишдаги дам олиш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш;

давлат тарбия муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга.

Ҳомийлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ҳар бир давлат тарбия муассасасида амалга оширилган ҳомийлик ёрдамларининг тўғри сарфланишини таъминлаш мақсадида Ҳомийлик кенгаши тузилади.

Кенгаш 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат қуйидаги таркибда тузилади:

кенгаш раиси – муассаса директори;

кенгаш котиби – муассаса касаба уюшмаси раиси;

кенгаш аъзолари - директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, бош ҳисобчи, тиббиёт ходими, юмшоқ буюмлар бекаси, 1 нафар тажрибали тарбиячи.

Кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ҳомийлик ёрдамларини тегишли далолатнома асосида қабул қилиш ва мақсадли сарфланиши таъминлаш;

ҳомийлик ва хайрия маблағлари, мол-мулкларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат олиб бориш.

Кенгаш ҳар чоракда бир марта йиғилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин. Кенгаш йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади.

Кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда Кенгаш қарор қабул қилиши мумкин.

Ҳомийлар ҳомийликни амалга ошириш учун дастлаб давлат тарбия муассасаси Кенгаши аъзолари билан учрашиб, уларга ҳомийлик мақсадини маълум қилади.

Ҳомийлик мақсадига аниқлик киритилгандан сўнг ҳомийдан қабул қилинган беғараз ёрдам, жумладан пул, озиқ-овқат маҳсулоти, маиший техника ва бошқалар муассасасининг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ва балансига кирим қилинади.

Ҳомийлар давлат тарбия муассасаси тарбияланувчилари билан учрашиб, уларнинг шахсан ўзларига рухсат этилган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини Кенгаш аъзолари иштирокида тарқатиши мумкин.

Ҳомийлар томонидан давлат тарбия муассасасининг олиб келинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларга эҳтиёжи бўлмаган тақдирда, давлат тарбия муассасаси раҳбарияти ушбу товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилмаслиги мумкин.

Ҳомийлар Кенгаш билан келишган ҳолда муассасада хайрия тадбирларини шунингдек, маънавий-маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил этиши ва болалар учун меҳмондорчилик дастурхонини ёзиши мумкин.

Давлат тарбия муассасасига ташқаридан тайёр таомлар олиб кириш тақиқланади. Дастурхонга қўйиладиган таомлар давлат тарбия муассасаси ҳудудида тайёрланиши лозим.

Дастурхонга қўйиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари давлат тарбия муассасасининг тиббиёт ходими томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши шарт.

Кенгаш аъзолари ҳомийлик асосида қабул қилинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли далолатнома тузиш йўли билан расмийлаштиради. Далолатномани расмийлаштиришда ҳомий томонидан ўзи тўғрисидаги маълумотларнинг киритилишини хоҳламаган тақдирда, ҳомийнинг исми шарифи ўрнига “номаълум шахс” дея кўрсатилади.

Далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг, ушбу далолатнома давлат тарбия муассасаси бухгалтериясига тақдим этилади.

Шунингдек, ҳомийлик ёрдами сифатида қабул қилинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган тартибда кирим дафтарига қайд этиб борилади.

Давлат тарбия муассасасида ходимлар, тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, давлат тарбия муассасаси директори ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини ҳомийлик мақсадида йиғиш қатъиян тақиқланади.

Бухгалтерия ҳисобини юритиш шунингдек, ҳомийликдан тушадиган маблағларнинг кирим қилиниши ва сарфланиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳомийлар томонидан давлат тарбия муассасасига кўрсатилган ҳомийлик маблағларининг барча суммаси, агар ҳомий билан махсус ўзгача ҳол келишилмаган бўлса, бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга сарфланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид