Ўзбекистон | 16:40 / 06.09.2019
18679
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтўқимачисаноат»: Бу йилги терим учун 130та юқори унумдор машиналар сотиб олинди

Бугун, 6 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда «Ўзтўқимачисаноат» раиси Илҳом Ҳайдаров журналистларнинг кластерлар ва янги пахта терим мавсумига тайёргарлик бўйича саволларига жавоб қайтарди.

«2017 йил январь ойида давлат раҳбари томонидан пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш бўйича топшириқ берилганда бизда бор-йўғи 1 дона кластер ишлаётган эди. 2018 йилда эса Андижонда 2та, қолган барча вилоятларда биттадан кластерлар фаолият юрита бошлаган. Жорий йил эса 74та кластер 84дан ортиқ туманларда ишлаяпти», дея уюшма раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Илҳом Ҳайдаровнинг таъкидлашича, айни пайтда етиштирилаётган пахта толасининг 63 фоизи кластерлар ҳисобига тўғри келади.

«Кластерларда пахта терим машиналарига катта урғу берилмоқда. Бу йилги терим учун 130та юқори унумдор машиналар сотиб олинди. Улар асосан Сирдарё, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ишлатилиши режалаштирилган. Агар бу мавсумда 10 фоиздан ортиқ пахтамизни шу терим машиналари орқали йиғиштириб оладиган бўлсак ҳам, кейинги йилларда бу фоиз ўсиб боради», дея терим машиналари ҳақида ҳам маълумот берди «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров. 

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид