Италиянинг «Corriere della sera» нашрида журналист Фариан Сабаҳининг Ўзбекистонга аталган мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистонда пахта етиштириш борасида амалга оширилган ислоҳотларга тўхталган.

Бир неча кундан сўнг Ўзбекистонда пахта терими бошланади. Бу монокултурани етиштиришда узоқ йиллар давомида ўғитлар ва пестицидлар тупроқ ва табиатнинг ифлосланишига сабаб бўлиб, ўзига хос жазо вазифасини ўтаган. Амударёнинг ўзани пахта плантацияларини суғориш учун ўзгартирилиб, сувсизликка олиб келган ва Орол денгизи секин-aста қурий бошлаган. Унинг ўрнини Оролқум чўли эгаллаган, унинг қумлари пахта далаларида интенсив ишлатилган гербицидлар туфайли зарарли моддаларга тўйинган. Чўлдаги қумларни ғарбдан ва шарқдан эсадиган шамоллар учиради, пестицидли қум зарралари Россияда, Норвегия ўрмонларида, Гренландия музликларида, ҳаттоки Антарктидадаги пингвинлар қонида топилган.
Совет иттифоқи даврида, яъни 1991 йилгача пахта плантациялари икки миллион гектардан ортиқ ерни ёки Марказий Осиёнинг бу республикасининг ҳайдаладиган ерларининг 98 фоизини эгаллаган. Ҳар йили 4,5 миллион тоннага яқин пахта хомашёси ёки СССРда ишлаб чиқарилган пахтанинг 60 фоизи тайёрланган. Пахта Ўзбекистон халқи учун бир жазо янглиғ эди, чунки уни ярим миллионга яқин катталар ва икки миллионга яқин болалар териб беришлари керак эди. «Ҳамма пахтага!» шиори остида барча далаларга қувиларди, бундан қочиб қутулиб бўлмасди. Қолган барча тадбирлар иккинчи планга ўтарди. Университетлар, мактаблар ва касалхоналар ёпиларди. Врачлар, ҳамширалар, ўқитувчилар ва талабалар енг шимариб, пахта даласига отланарди. Бутун ўзбек жамияти ҳудудлар ўртасидаги мусобақага киришар, бу ҳатто маҳаллий телевидениеда намойиш этиларди. «Оқ олтин»ни териб олиш бўйича қўйилган режани биринчи уддалаган ҳудуд ғолиб деб эълон қилинарди.
Пахта мавсуми яна бошланди. Энди далаларга врачлар ва ҳамширалар, университет ўқитувчилари ва профессорлари, ҳаттоки болалар ҳам чиқишмайди. ХМТ (Женевада жойлашган халқаро меҳнат ташкилоти) ва Жаҳон банки билан ўтказган суриштирувларга кўра, 2021 йилги ишлаб чиқариш циклида расмий Тошкент мажбурий меҳнатни йўқ қилишга муваффақ бўлган. ХМТнинг ҳисоботлари эълон қилиниши билан жаҳоннинг энг йирик текстил компаниялари ўзбек пахтасига нисбатан жорий этган бойкот ҳам тугатилди, бу эса Марказий Осиёнинг марказида жойлашган давлат учун янги имкониятлар эшигини очди.














