10:26 / 06.09.2019
0
5822

Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ташкил этилмоқда

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг:

Фарғона вилояти маданият бошқармаси ҳузуридаги намунали мақом ансамбли негизида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрини давлат муассасаси шаклида ташкил этиш;

Марғилон шаҳар, Бурҳониддин Марғилоний кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган бинони тегишли ҳудуди билан биргаликда мақом театрига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар мақом театрининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

бадиий жиҳатдан юксак асарларни саҳналаштириш, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари орқали мақом санъатини тарғиб қилиш, шунингдек, қизиқчилик ва аския санъатининг саҳнавий сюжетларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, юқори малакали мақом ва театр санъати ижодкорларининг имкониятларини намойиш этиш;

мақом ижрочилиги йўналишида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, актёрлик маҳорати ва мақом санъати ижрочилиги бўйича мақом, театр ва санъат муассасаларининг ижодий ходимлари ҳамда олий таълим муассасалари талабаларининг мақом театри йўналишида амалиёт ўташларини ташкил этиш;

хорижий давлат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш, чет элдан малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тренинг, маҳорат дарслари, мақом театри санъати билан боғлиқ ўқув-тажриба машғулотлари ҳамда махсус лойиҳаларни амалга ошириш;

мамлакатимизда ва хорижий давлатларда гастроль фаолиятини амалга ошириш, фестиваль, кўрик-танлов, мақом кечалари, учрашувлар, ижодий кечалар, қизиқчилик ва аския томошалари ҳамда бошқа томоша тадбирларини ташкил этиш.

Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри давлат муассасасининг штатлари тасдиқланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top