Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олий судда қонуности ҳужжатларига тадбиркорларга енгиллик яратишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш масаласи муҳокама қилинди
Бугун, 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлар, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалалари» мавзусида тадбиркорлар ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Олий суд раиси Козимжон Комилов иштирок этди. Тадбирда асосан сўнгги пайтларда экспортёр тадбиркорларни ўйлантираётган бир масала муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қарори ва бошқа қарорларида чет эл валютасидаги тушумнинг тушиши, экспорт қилувчилар томонидан «эркин муомала учун чиқариш» режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштириш, ишлар бажаришни ва хизматлар кўрсатишни таъминлаш муддатлари белгиланган бўлиб (ҳолатларига қараб 30, 60, 120, 180, 365 кунгача), бу муддатларни бузганлик учун келиб тушмаган валюта маблағлари ёки товарлар суммасининг 100 фоизигача миқдорда жарима қўлланиши белгиланган.
Президентнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 2 сентябрдаги Фармони асосида валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмлари жорий қилиниб, экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш каби талаблар бекор қилинди.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 30 октябрдаги Фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкцияларни бекор қилиш белгиланди ва бу тадбиркорларга анча енгиллик яратди.
Лекин, ҳалигача юқорида қайд этилган ҳукумат қарорларига ушбу ўзгартиришлар киритилмаган, бу эса амалиётда судларга қайд этилган санкцияларни қўллаш бўйича аризалар билан мурожаат қилинишига сабаб бўлмоқда, ўз навбатида бундан тадбиркорлар ҳам норозиликларини билдиришяпти.
2017 йилда 32та, 2018 йилда 94та шундай ишлар кўрилган бўлса, 2019 йилнинг 9 ойи давомида ушбу тоифада 445та иш кўрилиб, уларнинг 250таси қаноатлантирилган ва тадбиркорлик субъектларига 149 486,8 млрд. сўм жарималар қўлланган, 165тасини қаноатлантириш рад этилган, 28та даъво кўрмасдан қолдирилган, 2таси бўйича иш юритиш тугатилган.
Иқтисодий судларга аксарият ҳолларда экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра хориждаги ҳамкорлари томонидан тўлов тушумининг кечиктирилиши оқибатида солиқ идоралари томонидан қўлланган молиявий жарималарни суд томонидан бекор қилишни сўраб мурожаат қилишади.
Аммо юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қатъий белгиланган талаблар тадбиркорларнинг даъволарини қаноатлантириш ҳуқуқини бермайди. Ўз навбатида қонун ҳужжатлар талаби мамлакатдаги виждонли импортёр ва экспортёр ҳуқуқларини ҳимоясини самарали ташкил этиш имконини бермайди.
Суд амалиётини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатмоқдики, тадбиркорлик субъектларига ушбу жарима қўлланганидан кейин валюта маблағлари келиб тушишини ёки товарларни олиб киришни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмаслигига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан хўжалик юритувчи субъектларни чет элга олиб чиқиб кетилган товарлар бўйича валюта тушуми тушишини таъминлаши ёки товарларни олиб кириш учун чора-тадбирлар кўришга рағбатлантириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш таклиф этилмоқда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Олий суд ўзининг қонунчилик ташаббусидан фойдаланиб, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида» 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарорини қайта кўриб чиқишни таклиф этмоқда. Лойиҳага кўра, агар жарима қўллаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш пайтига келиб ёки суднинг жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ижро этиш пайтига келиб валюта маблағларининг тушиши ёки товарларни олиб кириш таъминланган бўлса, жарима қўлламасликни, тўланган жаримани эса, агар жарима қўлланганидан кейин бир йил ичида валюта маблағларининг тушиши таъминланган бўлса, тадбиркорга қайтаришни назарда тутувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
20:28 / 03.07.2026
Олий суд Пленумида инсон ҳуқуқлари ва суд амалиётига оид муҳим қарорлар қабул қилинди
20:11 / 02.07.2026
Олий суд Пленумининг мажлиси биринчи марта жонли эфирга узатилади
18:40 / 23.06.2026
Фалажликда ўтган 4 йил ёхуд Исломов раҳбарлиги даврида суд тизими
21:08 / 22.06.2026