Ўзбекистон | 21:09 / 06.09.2019
15936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш тизими яратилди 

Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда маълум қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилган бўлиб, мазкур портал орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун имконият яратилган.

Қарор билан Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

а) “Мадад” - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларини, шунингдек, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюроларини ташкил этиш;

б) Қуйидагиларни Муассасанинг асосий вазифалари сифатида белгилаш:

фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;

фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни сафарбар этиш;

фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш; 

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш;

“Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш.

Мавзуга оид