Ўзбекистон | 20:45 / 08.09.2019
29899
2 дақиқада ўқилади

Электробус Тошкент кўчалари бўйлаб илк рейсини амалга оширди

Беларусдан келтирилган электробус 7 сентябрда Тошкент кўчалари бўйлаб илк рейсини амалга оширди. Экологик тоза транспорт воситасининг биринчи йўловчилари ҳокимлик ва ОАВ вакиллари бўлишди.

Янги транспорт тури йўловчиларни кейинги ҳафтадан таший бошлайди.

“Белкоммунмаш”нинг Е420 Vitovt Electro электробуси атрофга зарарли чиқиндилар чиқармаслиги, шовқинсизлиги ва соф энергия манбасини қўллаши билан ажралиб туради. “Яшил транспорт” махсус батареялардан қувватланади.

Батареяларни сўнгги бекатларда 6-8 дақиқа давомида қувватлаш мумкин. Тўпланган энергия 20-25 км йўлни босиб ўтишга етади.

Электробус 41-йўналиш бўйича синов режимида қатнай бошлайди. Бу йўналиш бежизга танланмаган, чунки у энг қисқа йўналишлардан бири ҳисобланади.

90 йўловчига мўлжалланган автобус синов вақтида ўзини яхши намоён қилиб, йўловчиларга маъқул келса бошқа йўналишларга ҳам чиқарилади. Ҳозирча янги техника иссиқ ҳаво шароитида ўзини қандай тутиши номаълум. Шунингдек, унинг йўловчилар саломатлигига таъсири ҳам ўрганилади.  

Мавзуга оид