Ўзбекистон | 21:16 / 10.09.2019
174574
2 дақиқада ўқилади

«Биз жуда кўп гўшт емоқдамиз» - Актам Хайитов гўшт нархи ошиб кетаётгани сабаби ҳақида

Бугун, 10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Видео: Youtube

Унда мутасаддилар «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбирда чорва ҳайвонлари учун озуқа захираси яратиш долзарб вазифа эканлиги, аммо кўпгина туманларда мутасаддилар томонидан фермер хўжаликлари майдонларида озуқабоп экинлар экиш ва етиштиришга нисбатан қаршилик кўрсатиш ҳолатлари давом этаётгани, фермер ўз хўжалигида экинларни эркин жойлаштира олмаслиги, озуқа захираси етишмаслиги эса ўз ўрнида гўшт ва сут маҳсулотлари нархига ҳам таъсир ўтказиши борасида мурожаат қилинди.

«Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни «Америка касаллиги» дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ.

Сиз айтган озуқа захираси бўйича бу йил биринчи бор Президент қарори асосида пахтачилик хўжаликларининг 10 фоиз майдонида беда экини етиштиришга рухсат берилди. 

Эндиликда фермер бошқа экинлар бўйича белгиланган ҳосилдорликни таъминласин ва 10 фоиз майдонда чорва учун озуқа ҳам эксин», дея  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид