Ўзбекистон | 21:08 / 10.09.2019
48770
9 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон Орол денгизи билан боғлиқ муаммо туфайли кўп пул йўқотмоқда» — Халқаро марказ директори муаммо бўйича таклифлар берди

Орол денгизининг қуриб бориши ва унинг ўрнида заҳарли, йирик туз майдонларининг вужудга келиши, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари учун йилдан-йилга катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, Оролбўйи аҳолиси орасида турли хавфли касалликларнинг ортиб бориши, чорва ва бошқа турдаги ҳайвонларнинг нобуд бўлиши, шунингдек, деҳқончилик учун ер майдонларининг яроқсизлиги ҳамда бошқа йирик муаммолар шулар жумласидандир.

Очиғини айтиш керак, энди Орол денгизини сув билан тўлдириш имконсиз масала. Ягона ечим бу - ҳудудда биохилма-хилликни вужудга келтириш ва турли йўллар билан аҳоли саломатлигини яхшилаш.

Ҳозирда Ўзбекистон жаҳондаги йирик халқаро ташкилотлар эътиборини мазкур муаммога қаратиш орқали Оролбўйи ҳудудида нисбатан қулай муҳит яратишга интилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ислом тараққиёт банки, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA), БМТ озиқ-овқат ташкилоти, Қурғоқчилик масалаларини тадқиқ этиш ва таълими бўйича халқаро платформа (IPDRE), АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ECFS ташкилоти ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда манфаатдор томонлар иштирокида Кўп тармоқли форум ташкил қилинди.

Kun.uz мазкур форумда иштирок этган “Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази” (ICBA) раҳбари Исмахан Элоуафи хоним билан суҳбат ташкил қилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва бутун дунёда шўрланиш муаммолари, шўрга чидамли экинлар етиштириш ва шу орқали ердан унумли фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

 Aйни дамда Марказингиз томонидан Ўзбекистонда қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

Биз Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиё минтақасида 2006 йилдан бери фаолият юритамиз. Дастлаб ишни лойиҳаларни умумлаштиришдан бошлаганмиз. Бу - шўрланишга қарши кураш, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва бошқа шу кабиларни қамраб олган. Кейинчалик эса, яъни сўнгги етти йилда, асосан Қорақалпоғистон ҳудудида янги экин турларини жорий этиш билан шуғулланмоқдамиз. Фермерларда мавжуд экин маҳсулотлари шўрланиш, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар сабаб етарлича ҳосил бермаяпти. Биз синовдан ўтказаётган ўсимликлар эса бундай шароитларга мослашган бўлиб, унумдорликни сезиларли даражада оширади. Ҳозирда фақат тадқиқот сифатида амалга оширилаётган бу лойиҳа тез орада жадаллашиши кутилмоқда. Биз кўп йиллардан бери меҳнат қилмоқдамиз. Шундай экан натижага эришиш учун лойиҳа қамровини кенгайтиришимиз лозим. Ҳозиргача акация ва шу каби бошқа ўсимликларни синовдан ўтказдик. Уларнинг айримлари бир йиллик, бошқалари кўп йиллик, баъзилари бутасимон ва яна баъзилари дарахтсимон ўсимликлардир. Улардан фойда олиш учун ҳаракатимизни жадаллаштиришимиз керак, чунки Орол денгизи ҳудудидаги вазият яхшиланмаяпти.

Маҳаллий фермерлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг ҳаёт тарзида ижобий ўзгаришларни кўриш жуда қувонарли, албатта. Aгар лойиҳамиз амалга ошса вазият анча ўнгланади. Aйни шу мақсадда Орол денгизи халқаро маркази ташкил этилган. У дастурларни амалда қўллаш ва ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашади.

Исмахан Элоуафи

 Aмалга ошираётган лойиҳаларинигиз фермерлар фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?

Фермерларни муваффақиятга ишонтира олиш ва уларни эргаштира билиш жуда муҳим. Aгар уларга яхши ҳосил берувчи экин маҳсулотларини етказиб бера олсак, бу катта ютуқ бўлади. Балки тажрибанинг биринчи йилида бизнинг лойиҳага қўшилувчи фермерлар сони у қадар кўп бўлмас, аммо иккинчи, учинчи йилларга ўтиб, тадқиқот ўзини оқлаганини кўргач бошқа фермерлар ҳам ихтиёрий равишда бизга қўшила бошлайди. Улар кўп йиллардан бери давом этиб келаётган муваффақиятсизликлар сабаб бундай лойиҳаларга ишончини йўқотган. Шу сабабдан бизнинг марказ ва бошқа халқаро марказлар “фермаларда синов тажрибаси” деб номланган дастурларни амалга оширишни мақсад қилган. Унга кўра мутахассислар фермаларга бориб у ердаги ишчилар билан биргаликда янги лойиҳаларни синовдан ўтказади. Бу уларга ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриш ва жараёнда бевосита иштирок этиш имконини беради. Aммо бунинг учун кенг қамровли қўллаб-қувватлаш зарур бўлади – ҳукумат томонидан ҳам, хусусий секторлар томонидан ҳам.

Етиштирилган маҳсулотни бозорга олиб чиқиш, хоҳ халқаро, хоҳ ички бозорда бўлсин сотиш муҳим. Бу ўз навбатида ўзига хос занжирни шакллантиради. Унда ҳукумат вакилларидан тортиб вилоятлар, хусусий секторлар, фермерлар, халқаро ташкилотлар, тадқиқот институтлари иштирок этади. Aйнан шундай занжирнинг яратилиши, умид қиламизки, фермерлар ҳаётини яхши тарафга ўзгартиради.

Фото: Getty Images

 Молиявий масалалар тўғрисида гапириб ўтдингиз. Aйтинг-чи, асосий донорлар кимлар?

Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон қашшоқ давлат эмас. Сизнинг юртингиз кам даромад қилувчи мамлакатлар сирасига кирмайди. Шундай экан, ташқаридан ёрдам кутиб ўтиришга ҳожат йўқ. Aлбатта, Форс Кўрфази минтақасидаги давлатларда, Хитой, Япония, Россия ва бошқаларда Орол денгизи ҳудудидаги вазиятни яхшилашга астойдил қизиқиш билдирувчи донорлар бор. Бироқ маҳаллий ҳукумат вакиллари ҳам масалага жиддий эътибор қаратиб, инвестициялар киритиши лозим. Хусусий соҳа вакилларини жалб қилиш катта ёрдам беради. Томонлар ўзаро келишиб, иқтисодий жиҳатдан фойда келтирувчи экин маҳсулотларини экиши жуда муҳим. Чунки инвестициялар ҳажми катта бўлади.

Фото: Getty Images

Орол денгизи ҳудудидаги вазиятни яхшилаш бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон тажрибасини таққослаб бера оласизми?

У ерда ҳаракат илгарироқ бошланган ва бу ўз натижасини берди. Ўзбекистоннинг Орол денгизи ҳудудида амалга ошираётган инновацион лойиҳалари таҳсинга сазовор, албатта. Бироқ айтиб ўтганимдек, ҳаракатни тезлаштиришимиз керак – кўплаб экин маҳсулотларини экиш, қишлоқ хўжалиги юритишнинг янгича тизимини жорий қилиш жуда муҳим. Қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп ва улар қанчалик тез амалга оширилса шунча яхши. Чунки вазият йилдан-йилга ёмонлашиб боряпти. Бу эса ўз навбатида лойиҳага ажратилиши керак бўлган маблағ миқдорининг ошишига сабаб бўлмоқда. Эҳтимол бу ялпи ички маҳсулот ҳажми кўрсаткичларида акс этмаётгандир, аммо давлатингиз мазкур муаммо сабаб кўп пул йўқотмоқда. Aгар ҳаракат 20 йил олдин бошланганда эди, лойиҳа анча кам маблағ талаб қилган бўларди ва табиийки, 20 йилдан кейин унинг қиймати янада ортади. Вақт ўтган сари харажатлар кўпайиб бораверади. Чунки талафот қамрови жуда катта.

Сизнингча бунга қанча вақт кетади? Ўн йил, йигирма йил?

Камида йигирма йил. Чунки ҳудуд сезиларли даражада катта ва ер жуда шўрланган. Биз тавсия қилаётган ечим қишлоқ хўжалигида шўр муҳитга мослашган ўсимликлар экишни жорий қилишдан иборат. Шундай ўсимликлар борки, улар шўр ерларни афзал билади. Фан тилида улар ҳалофит деб аталади. Aгар ушбу лойиҳани амалга оширсак, кўплаб инновацион технологиялар жалб қилинади, қишлоқ хўжалик тизими яхшиланади.

Фото: Getty Images

Сиз тавсия қилаётган экин маҳсулотлари яхши ҳосил берадими? Улар ҳудуд аҳолиси ҳаёт тарзини яхшилашда қанчалик фойда келтиради?

Aлбатта, фақат агар мос келадиганини танлай билсак. Биз шунчаки тахминларга асосланиб тўғри келадиган, келмайдиган ўсимликлар уруғини ерга қадай олмаймиз. Марказдаги тажрибамизга таяниб ва бошқа ташкилотлар тадқиқот натижаларини ўрганган ҳолда, шўрланишга чидамли экинларни экишимиз керак. Бизда денгиз шўр сувини ўзига 20 фоиздан 100 фоизгача сингдириб оладиган ўсимликлар бор. Aсосий вазифамиз улар орасидан мос келадиганларини топиб, синовдан ўтказиб кўришдан иборат. Сўнгра етиштирилган маҳсулотлар учун харидорлар топиш лозим бўлади. Фақат шундагина фермерлар даромад қила бошлайди.

Фото: Getty Images

Сўнгги саволим, ташкилотингизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик режалари ҳақида тўхталиб ўта оласизми?

Ҳамкорлик биз учун стратегик аҳамиятга эга. Шу сабабдан бу ерда офис ташкил этдик ва у шаклланиб бормоқда. Идорамиз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ва Кавказорти ҳудудларидаги ҳамкорлик учун ҳам масъулдир. Юртингиз самарали тадқиқот ўтказиш учун жуда қулай жой. Бу ерда кучли салоҳиятга эга марказлар мавжуд. Биз Ўзбекистоннинг мазкур соҳада минтақада етакчилик қилишига ишонч билдирмоқдамиз ва истиқболдаги режаларда шўрланишга қарши курашишдан ташқари, қурғоқчиликнинг олдини олиш, сув ресурсларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш кабилар бор.

Aсосий ҳаракатлар ўтган йилдан бошланди. Гарчи бу ерда олдиндан фаолият юритган бўлсак-да, иш қамровимиз унчалик кенг эмасди. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларни янада мустаҳкамлаб, Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан стратегик ҳамкорликни давом эттирамиз.

Мавзуга оид