Жамият | 20:19 / 11.09.2019
7973
4 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ водийда электр энергияси таъминотида кузатилган қисқа муддатли узилишларга ойдинлик киритди

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Kun.uz сайтида ёритилган «Кузнинг биринчи ёмғири ва шамол ортидан муаммолар: Водийда яна ток ўча бошлади» сарлавҳали мақолада акс этган ҳолат «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан батафсил ўрганилиб, муносабат билдирилди.

«Водий вилоятларининг айрим туманларида юз берган электр таъминотидаги қисқа муддатли узилишларда жорий йилнинг 9 сентябрь куни кузатилган ёмғир аралаш кучли шамол сабаб бўлган.

Жумладан, Фарғона вилоятида ёмғир аралаш шамол тезлиги ўртача 11 м/с.дан 15–17 м/с.гача етган. Бешариқ тумани Қият қишлоғининг аҳолисининг электр таъминоти узилиши сабаб 9 сентябрь куни соат 20:40лар оралиғида 10 кВли «Бахмал» узатмасининг 1- ва 2-узатмаси орасига муҳофаза зонасидан ташқарида бўлган дарахтнинг қуриган шохлари шамол таъсирида қулаб, тармоқ узилишига сабаб бўлган. Мазкур авария ҳолати туман электр таъминоти корхонаси томонидан 10 сентябрь куни соат 08:40да бартараф этилиб, электр таъминоти тикланган.

Андижон вилоятида жорий йил 9 сентябрдан 10 сентябрга ўтар кечаси кучли шамол бўлиши ҳамда ёмғир ёғиши оқибатида юз берган носозлик сабабли Олтинкўл туманининг баъзи ҳудудларида электр-энергияси таъминоти вақтинчалик узилишига олиб келди.

Соат 23:25ларда 110/35/10 кВ ПС Маслаҳатдан чиқувчи 10 кВ кучланишли Олтинкўл фидри ва 35/10 кВ ПС Олтинкўлдан чиқувчи 10 кВ кучланишли Навоий фидри ҳаво тармоқлари ерланиш натижасида реле ҳимоясидан ўчган. Навбатчи ходимлар носозликни бартараф этиш мақсадида тармоқни кўрикдан ўтказишганда икки тармоқнинг кесишган қисмидаги таянчга чақмоқ тушиши натижасида ёнғин содир бўлиб, таянчлар носоз ҳолатга келган.

Яроқсиз ҳолатга келган ёғоч таянчлар ўрнига темир бетон таянчлар ўрнатилди ва 10 сентябрь куни соат 19:30да тармоқга кучланиш берилди ва аҳолига сифатли электр энергияси узатиш таъминланди.

Бундан ташқари, Олтинкўл туманининг бошқа ҳудудларида ҳам носозликлар туфайли узилишлар бўлган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб «Андижон ҲЭТК» АЖ тасарруфидаги барча электр узатиш тармоқлари навбатдан ташқари кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Наманган вилоятида ҳам кучли шамол кузатилган. Аммо Наманган шаҳар Амир Темур кўчасида электр таъминотида узилишлар бўлгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмади. Шу куни ушбу ҳудудда электр таъминотида узилишлар бўлмаган ва истеъмолчилардан мурожаат келиб тушмаган.

Таъкидлаш жоизки, аҳолига енгиллик яратиш мақсадида вилоятда шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналарида навбатчилик ташкил этилган бўлиб, келган мурожаатлар ўз вақтида бартараф этиб борилади.

Водий вилоятларидаги электр-таъминотидаги ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Маълумки, ҳар қандай очиқ электр тармоғининг ҳам, кабель тармоғининг ҳам муҳофаза зоналари бўлади. Аҳолидан ушбу ҳудудларга, яъни электр тармоқлар яқинига баланд ўсадиган дарахтлар экмасликни сўраб қоламиз. Чунки, битта дарахт электр симига тегиб, қисқа туташув содир этса, бутун бошли маҳалла аҳолисини чироқсиз қолдириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда электр энергияси таъминотида билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг 71-233-01-28, 78-150-75-64 рақамларига ёки Telegram’даги «Hududiy elektr tarmoqlari» AJ bilan muloqot» канали орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз», дейилади «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати хабарида.

Kun.uz таҳририяти «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳиссадорлик жамиятига таҳлилий мақолада кўрсатилган камчиликлар юзасидан чора кўришга ва аҳоли томонидан билдирилган мурожаатларга тезкор реакция қилганини учун миннатдорчилик билдиради.

Мавзуга оид