20:58 / 11.09.2019
0
5862

«Валенсия» бош мураббийни истеъфога чиқарди

«Валенсия» расмий сайтида бош мураббий Марселино Тораль истеъфога чиқарилди. 

Мутахассис истеъфоси сабаби келтирилмаган, аммо аввалроқ ОАВда «кўршапалаклар» президенти Питер Лим ва мураббий ўртасида зиддият юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Томонлар ўртасида муаммо келиб чиқишига эса президент клубнинг спортга оид ишларига аралашиши сабаб бўлган. 

«Клуб Марселинога ўтган икки йил мобайнида клубга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиради. Биз унга келажакда муваффақиятлар тилаймиз, — дейилади клуб сайти хабарида. 

Марселино «Валенсия»га 2017 йилда бош мурабий бўлганди. Ўтган вақт давомида у жамоа билан икки марта Чемпионлар лигасига йўлланма олди, ўтган мавсумда жамоа билан Испания Кубогида ғалаба қозонди.

Айни вақтда клубнинг янги бош мураббийи номи ҳам аниқ. Хулен Лопетегига Испания миллий жамоаси ва «Реал»да ассистентлик қилган собиқ футболчи Альберт Селадес «кўршапалаклар» бош мураббийи бўлди.

Шартномага кўра, шу вақтгача фақат Испания ёшлар жамоаларида бош мураббий бўлиб ишлаган Селадес 2021 йил 30 июнга қадар «Валенсия»ни бошқаради. Селадес футболчилик фаолияти давомида ҳам «Реал», ҳам «Барселона»да ўйнаган. У фаолиятини Ҳонконгда якунлаган.

Испания чемпионатининг жорий мавсумида «кўршапалаклар» 3 турда 4 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 10-ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа шу ҳафтада, 15 сентябрь куни 4-тур доирасида «Барселона»га қарши ўйин ўтказади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top