Ўзбекистон | 12:00 / 12.09.2019
10318
3 дақиқада ўқилади

Давлат бошқаруви академияси қошидаги институтга тингловчиларни қабул қилиш тартибида ўзгариш юз берди

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомнинг 13-бандига (Номзодлар Комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар) қуйидаги мазмундаги охирги хатбоши қўшилди:

“Институтга ўқишга тавсия этишда номзодларнинг ўзига ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан қўйилган талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги бўйича масъулият тавсия этаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юкланади”.

19-бандда (Тест синови саволлари Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан Давлат тест маркази томонидан белгиланган талаблар асосида Институт томонидан тузилади):

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Ҳар бир фан бўйича 20 тадан савол тузилади. Бунда, ҳар бир саволнинг тўғри жавоби учун Ўзбекистон тарихи фанидан - 1,5 балл, иқтисодиёт назарияси фанидан - 1,6 балл ва ҳуқуқшунослик фанидан - 1,5 балл этиб белгиланади”;

тўртинчи хатбошидаги (Тест синови натижалари бўйича 67,5 баллдан (75 фоиз) юқори балл олган номзодлар суҳбатдан ўтишга тавсия этилади) “67,5 баллдан (75 фоиз)” сўзлари “49,5 (55 фоиз) балл ва ундан” сўзлари билан алмаштирилди;

қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилди:

“Тест синовидан ўтганлар сони квота бўйича ажратилган тингловчилар сонига тенг ёки ундан кам бўлганда суҳбат ўтказилмайди”.

23-бандда (Суҳбат икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисмда номзоднинг вазиятлар таҳлили, иккинчи қисмда салоҳияти, билим савияси ва дунёқараши баҳоланади):

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Суҳбат икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисмда номзоднинг вазиятлар таҳлили, муаммонинг қўйилиши, муаммонинг ечими, ҳаётийлиги, ижро механизми ва назорати, иккинчи қисмда ватанпарварлиги, етакчилиги, раҳбарлик касбий маҳорати, тизимли фикрлаши, креативлиги ва инновациялар билан самарали ишлаши баҳоланади”;

учинчи хатбошидаги (Суҳбатда энг юқори балл — 60 балл этиб белгиланади) “60 балл” сўзлари “110 балл” сўзлари билан алмаштирилди;

тўртинчи хатбоши (Суҳбат натижалари бўйича 45 баллдан (75 фоиз) юқори балл тўплаган номзод суҳбатдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади) чиқариб ташланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид