Ўзбекистон | 12:33 / 13.09.2019
43643
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон» меҳмонхонасининг сотилмаётганига асосий сабаб нимада? Ҳолат юзасидан расмий баёнот берилди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августда қабул қилинган “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 661-сонли қарорига мувофиқ, “Оtel O`zbekiston” ҚК МЧЖнинг 80,13 фоиз давлат улуши модернизация ва реконструкция қилиш мажбурияти билан оммавий савдоларга қўйилиши белгиланди. 

Мазкур давлат улуши 33,0 млн. долларни ташкил этиб, 3 йил муддатда бўлиб тўлаш ҳамда 2 йил ичида 100,0 млрд. сўм миқдорда инвестиция мажбуриятлари киритиш шарти билан танлов савдоларига чиқарилди. 

Бугунги кунга қадар 50 дан зиёд маҳаллий, хорижий инвестор билан музокаралар олиб борилганига қарамай, ҳеч қайси бир инвестор томонидан мазкур меҳмонхона мажмуасини сотиб олиш юзасидан аниқ таклифлар берилмади. 

Бино сотилмаётганининг асосий сабаблари нимада? Нарх-наво қайси мезонлар асосида белгиланган? Инвестор ва тадбиркорларнинг талаб ва истаги нима? 

Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур сотиш механизми 2003 йилдан бери қўлланиб келинаётган, аввалги қонунчилик талаблари ҳамда ўша кездаги жамиятнинг таъсис шартномасига асосан, давлат улуши 31, 6 млн. АҚШ долларини ташкил этган ва бошланғич нархни ана шу қийматдан пасайтириш имкони бўлмаган. Шунинг учун савдоларнинг бошланғич нархи 33,0 миллион доллар этиб белгиланган. 

Қайд этилишича, инвесторлар билан бўлиб ўтган музокараларда меҳмонхона жойлашуви қулай, сайёҳларни жалб этиш борасида имкониятлари кенглигига катта қизиқиш билдирилмоқда. Аммо, мазкур давлат активининг нархи бугунги кундаги реал ҳолатига нисбатан баланд экани, йиллик даромадлар ҳисоб китоб қилинганда ҳам уни қоплаш учун бир неча 10 йиллар керак бўлиши қолаверса, хоналар баландлиги ва кенглиги 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхоналар талабига тўғри келмаслиги, бино қурилишида бетондан фойдаланилгани боис, уни бузиб қайта қуришга ҳам жуда кўп меҳнат ва маблағ сарф этилишини айтишган. 

Аксарият инвесторлар эса, жамиятнинг тўлиқ 100 фоиз улушини сотиб олиш истагини билдиришган. Жамиятнинг қолган 19,87 фоиз улуши эса хусусий мулкка тегишлидир. Хусусий мулкни сотиш ёки сотмаслик фақатгина жамият таъсисчилари томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади. Чунки у давлат ҳимоясида.

Маълумотга кўра, ана шу омиллар сабабли, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, мазкур давлат активи сотилмаяпти.

“Албатта йирик мулкий мажмуалар, корхоналарнинг сотилиши бир мунча муддат ва алоҳида ёндашув талаб қиладиган жараёндир. Боз устига, иқтисодиётда бозор “талаб” ва “таклиф” тамойиллари асосида шаклланади. Ҳар бир инвестор корхона ёки объектга инвестиция киритишидан олдин унинг фаолиятини ўрганиб, молиявий таҳлиллар қилади ва тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин сармоя киритишга қарор қилади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли ҳужжатига кўра, ошкора савдоларда икки ой мобайнида сотиб олиш бўйича талабнома тушмаса, нарх босқичма-босқич пасайтириб борилади. Бугунги кунда Ўзбекистон меҳмонхонаси комплексининг нархи 20 фоизга пасайтирилиб, 26,4 млн. доллар миқдорида қайта савдоларга чиқарилди ва шу нархдаги танлов 16 сентябрда бўлиб ўтади”, - дейилади агентлик изоҳида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид