Ўзбекистон | 18:39 / 13.09.2019
6693
4 дақиқада ўқилади

Суд бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди

Фото: panthermedia/vostock-photo

Вазирлар Маҳкамасининг “Суд бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш ва малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом;

Суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги банкротликнинг соддалаштирилган тартиботларини амалга оширишда суд бошқарувчиларига мукофотлар тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағлар ажратади ва 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағлар ажратилишини назарда тутади.

Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш ва малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикасининг суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган фуқароси суд бошқарувчиси ҳисобланади ва у иқтисодий суд томонидан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда:

кузатув тартиботини жорий этишда - кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади. Вақтинча бошқарувчи номзоди кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилмаган тақдирда, у Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаси ёхуд Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;

суд санацияси тартиботини амалга оширишда - кредиторлар йиғилиши ёки мажбуриятлар бажарилишини таъминлаган шахслар ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;

ташқи бошқарув ва тугатиш ишлари тартиботларини амалга оширишда - кредиторлар йиғилиши ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади.

Суд санацияси ёки ташқи бошқарув ёхуд тугатиш ишлари тартиботларини амалга оширишда вақтинча бошқарувчи ваколатини амалга оширувчи шахс номзоди суд бошқарувчиси сифатида кўриб чиқилиши мумкин.

Ассоциация Агентлик томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолайди ва суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Агентликнинг расмий веб- сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.

Иқтисодий суд банкротлик тартиботидан келиб чиқиб, қуйидаги суд бошқарувчиларини тайинлайди:

кузатув тартиботини амалга ошириш учун - вақтинча бошқарувчи;

суд санацияси тартиботини амалга ошириш учун - санация бошқарувчиси;

ташқи бошқарув тартиботини амалга ошириш учун ташқи бошқарувчи;

тугатиш ишлари тартиботини амалга ошириш учун - тугатиш бошқарувчиси.

Мустақиллик, объективлик ва холислик суд бошқарувчиси фаолиятининг асосий тартиботлари ҳисобланади.

Суд бошқарувчиси:

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши;

бухгалтерия ҳисоби, мол-мулкни баҳолаш ва менежментга оид билимлар асосига эга бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосларини билиши;

қарздорни молиявий соғломлаштириш ва кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қондириш ечимларини топиши:

банкротлик соҳасида профессионал билимларга эга бўлиши, уларни доимий равишда такомиллаштириши;

юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши - топширилган ишга виждонан муносабатда бўлиши, ўз фаолиятини амалга оширишда ижрочи, ташаббускор, интизомли, босиқ, эмоционал ва руҳий барқарор бўлиши зарур.

Суд бошқарувчиси банкротлик тўғрисидаги жараён давомида қарздор ва кредиторларга нисбатан бетараф бўлиши лозим.

Суд бошқарувчиси ўз вазифаларини бажаришда қарздор ва кредиторлар билан меҳнат муносабатларида, шунингдек, уларнинг мулкдорлари ва мансабдор шахслари билан мулкий ва бошқа манфаатларга эга бўлиши мумкин эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид