Ўзбекистон | 15:40 / 14.09.2019
8596
2 дақиқада ўқилади

ИИВнинг боғчалари Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилди

Фото: Fotolia / dmitrimaruta

Ҳукуматнинг 2019 йил 13 сентябрдаги 769-сон “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарида айтилишича, ушбу қарорга асосан Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тасарруфидаги болалар боғчалари истисно тариқасида, ИИВнинг идоравий мансублигида қолдирилган ҳолда Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилди.

Қарорга кўра, ушбу боғчаларнинг таълим-тарбия жараёнини мувофиқлаштириш ва методик бошқариш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

ИИВнинг болалар боғчалари раҳбарлари Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

ИИВнинг болалар боғчалари ходимларига давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва имтиёзлари қўлланилади.

2019 йил 1 октябрдан: 

ИИВ болалар боғчалари тарбияланувчилари умумий ўринлари сонининг 80 фоизи ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун ажратилади;

20 фоизи эса Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларига мувофиқ жамланади.

Мавзуга оид