Жамият | 20:54 / 15.09.2019
29816
8 дақиқада ўқилади

Одинахон Муҳаммад Содиқ: “Ҳар бир мусулмон бошқа мусулмонни ўзидан устун қўйиши керак”. Muslimaat.uz веб-сайтининг ҳисобот анжумани хусусида

Фото: muslimaat.uz

15 сентябрь куни Hilol-nashr нашриёт уйида muslimaat.uz сайти ҳамда Бинту Содиқ ахборот-маърифий каналининг “Сарҳисоб ─ 1440” ҳисобот тадбири бўлиб ўтди. Унда аёллар учун диний-маърифий маълумотлар бериб боришни мақсад қилган мазкур интернет ресурсларнинг ҳижрий 1440 (милодий 2018 йил сентябрь ─ 2019 йил сентябрь) йилда амалга оширган ишлари хусусида маълумотлар тақдим этилди.

www.muslimaat.uz ҳақида

Фото: muslimaat.uz

Виртуал тармоқда исломий билимларни тарқатиш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигида 2004 йилда муқаддас Ислом дини ҳақида ўзбек тилидаги илк электрон ресурс ─ www.islom.uz веб-сайти ишга туширилган эди. Фойдаланувчилари сони ортиб, қамрови кенгайиб боргани сари мазкур веб-сайтнинг ҳар бир бўлими алоҳида сайт тарзида ишга туширилди, quran.uz, fiqh.uz, siyrat.uz каби сайтларни бирлаштирувчи порталга айланди.

www.muslimaat.uz сайти ҳам дастлаб www.islom.uz порталининг аёл-қизларга оид маълумотлар учун мўлжалланган бўлими сифатида иш бошлаган. Мақолалар сони ва қамрови ортиб борганлиги боис 2007 йилда алоҳида сайт сифатида рўйхатдан ўтди. Шундан буён мазкур сайтга марҳум Шайх Муҳаммад Содиқнинг фарзандлари Одинахон Муҳаммад Содиқ бошчилик қилиб келмоқда. Мазкур сайт аёл-қизларнинг ҳаёти учун керакли бўлган барча соҳаларни қамраб олган маърифий интернет ресурс ҳисобланиб, унда аёллар муаммоларини мутахассислар иштирокида ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида психолог маслаҳати, педагог маслаҳати, шифокор маслаҳати, ҳуқуқшунос маслаҳати, балоғат бекати каби интерактив хизматлар йўлга қўйилган. Аёлларнинг диний-шаръий мавзудаги саволларига “Динда саволим бор” бўлими орқали шахсан Одинахон Муҳаммад Содиқ жавоб бериб келмоқда. Веб-сайтнинг “Ҳазратим” бўлимида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган марсия ва эътирофлар, “Ислом дини нима?” бўлимида бошланғич диний сабоқлар, “Аёллар фиҳқи” бўлимида аёлларга оид ҳуқуқий масалалар, “Руҳий тарбия” бўлимида Атоуллоҳ Сакандарийнинг ҳикматлари ва уларга шарҳлар Одинахон Муҳаммад Содиқ таржималарида бериб борилади.

Шунингдек, сайт қошида муслималар учун форум (forum.muslimaat.uz) ташкил қилинган бўлиб, унда аёл-қизлар диний-шаърий ва аёллар ҳаёти учун аҳамиятли бўлган мавзуларда фикр алмашадилар.

Ҳозирги кунда сайтда 7та бўлим ва 34та рукн бўлиб, 4000дан зиёд мақолани ўзида жамлаган. Сайт 2014 йилда UZ миллий домени интернет фестивалида “Фан ва таълим соҳасидаги энг яхши сайт” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган.

Фото: muslimaat.uz

Бинту Содиқ канали хусусида

Ижтимоий тармоқларда ҳам муслималар учун керакли ахборотларни тарқатишни мақсад қилган Бинту Содиқ канали ҳозирги кунда Telegram, Facebook, Instagram, “Одноклассники” платформаларида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу тармоқлар орқали “Ошиқлар”, “Қуръон нашидаси”, “Шайх Бутий ҳикматлари”, “Ҳикматли дунё”, “Руҳий тарбия”, “Болалар учун қирқ ҳадис”, “Кун ҳадиси” номли туркум суҳбатлар, қироатлар, ҳадислар бериб борилади. “Билимсизликнинг шифоси ─ савол” рукни остида фойдаланувчиларнинг саволларига диний, илмий асосланган муфассал жавоблар бериб борилади.

1440 йил сарҳисоби

Ҳисобот тадбирида маълум қилинишича, ўтган ҳижрий 1440 йилда muslimaat.uz  сайтида янги “Ислоҳот сари” лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда аёлларни қийнаётган оғриқли масалалар ва уларнинг ечимлари хусусида сўз юритилади.

Сайтда “Қориялар гулшани” кўрсатуви йўлга қўйилган бўлиб, унда ўзбек қория аёл-қизларининг ибратли ҳаёт йўллари ёритиб борилади. Сайт орқали “Умар ибн Хаттоб” сериали мунтазам равишда бериб борилди. “Дин насиҳатдир” кўрсатуви ҳам сайт фойдаланувчиларининг эътиборига ҳавола этиб борилди.

Ўтган йилда Ўзбекистонда илк маротаба танлов асосида сараланган қизлардан таркиб топган “Муншидат” нашидачи қизлар гуруҳи ташкил этилди. Халқаро алоқалар ҳам кенгайтирилди, хусусан, Россиядаги “Васатия” илмий-маърифий маркази, “Аиша” психологик маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Муслималарни қизиқтирган турли мавзуларда 200дан ортиқ мақолалар сайтда эълон қилинди.

Одинахон Муҳаммад Содиқ: “Мусулмонлар ҳозир меҳрга, раҳматга муҳтож”

Фото: muslimaat.uz

Ҳисобот тадбирида muslimaat.uz сайти, Бинту Содиқ канали, “Омина” электрон журнали раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам иштирок этди.

“Бутун мусулмон оламида мусулмонлар қийин жараёнларни бошдан кечиришяпти. Бизнинг юртимизда тинчлик, тотувлик бор. Лекин биз ҳозир бир-биримизнинг маънавий қўлловимизга муҳтожмиз. Мусулмонлар раҳматга, меҳрга муҳтож. Биз ҳамма ёрдамни моддийлик билан тушунмаслигимиз керак. Ундан ҳам муҳим бўлган нарса маънавий мададдир. Маънавий жиҳатдан бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Янги ҳижрий йилда шунга эътибор қаратишимизни истаб қолардим. Ислом дастлаб келганида жоҳилият даврида қувватсиз ҳолда бўлган бўлса, саҳобаларнинг бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари орқали энг саодатли дамларга етишилди. Биз ҳам ҳар қандай тушкунликдан чиқмоқчи бўлсак, аввало шунга эътибор қаратишимиз, ўзимиздан кўра бошқа мусулмонларни устун қўймоғимиз керак, шунда саодатли ҳолга эришамиз. Ислом аввало инсонийлик дини. Аввало иноқлик, иттифоқликни вужудга келтириб олишимиз лозим. Қилинаётган яхшилик, берилаётган меҳр ҳеч бир вақт самарасиз қолмайди”, ─ дейди Одинахон Муҳаммад Содиқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ асарларида аёллар мавзуси

Ҳисобот анжумани доирасида аёллар мавзусига бағишланган янги “Нозик ҳилқат” китобининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур китоб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг барча асарлари, мақолалари, нутқларида берилган аёллар ҳақида маълумотларнинг яхлит бир жамланмаси ҳисобланади. Зебуннисо Қутбиддин томонидан тузилган мазкур сайланмада аёлнинг Исломдаги ҳуқуқлари, оиладаги ва жамиятдаги ўрни, аёл руҳияти ва жисмиятининг ўзига хослиги ҳамда ровия аёллар ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Фото: muslimaat.uz

muslimaat.uz янги танловлар эълон қилади

Анжуманда muslimaat.uz томонидан муслима аёллар учун 1441 йилда ўтказиладиган янги танловлар эълон қилинди. Танлов тўрт йўналишда олиб борилади.

Биринчи йўналиш ─ “Ҳар қадамда Аллоҳнинг мўъжизаси” номли энг яхши фотосурат танлови. Бунда кундалик ҳаётда учрайдиган оддий, лекин Аллоҳнинг мўъжизасига ишора қилувчи ҳолатларнинг фотосуратлари саралаб олинади.

Иккинчи йўналиши ─ “Илм-маърифатда пешқадам аёл”. Илмий фаолият билан шуғулланаётган аёллар ўзлари, илмий ишлари, китоблари, шаҳодатномалари  ҳақидаги маълумотларни юборишлари мумкин.

Учинчи йўналиш ─ “Моҳир аёл ─ оила бахти”. Ўз моҳирлиги билан оилада, жамиятда эъзоз топган аёллар ўз ижод намуналари, ҳаёт йўллари хусусида маълумотларни юборишлари мумкин.

Тўртинчи йўналиш ─ “Малакали таржимон, муҳаррир ─ muslimaat.uz ходимаси”. Бунда аёллар сайт маъмурияти томонидан тақдим этиладиган матнларни таржима, таҳрир қилиш, берилган мавзуларда мақола ёзиш орқали ўз маҳоратларини намойиш этишлари, ғолиблар йил якунида muslimaat.uz ижодий жамоасига ишга қабул қилинишлари мумкин бўлади. Танлов шартлари ҳақидаги батафсил маълумотлар www.muslimaat.uz сайтида эълон қилинади.

Мавзуга оид