«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, жамиятдаги бир шахс. Улар жамиятнинг ажралмас қисми, шунинг учун ҳам таълим олишга ҳақли. Шариатда аёлларнинг ҳам олдиларига қўйиладиган бурч ва масъулиятлари бор. Бунинг учун улар жавобгар ҳисобланишади.
Ҳар бир инсоннинг ўрганишга, атрофдагилар билан мулоқотдаги илмларга эҳтиёжи бор. Шариат – илм дини ҳисобланади. Шунинг учун ҳам илк нозил бўлган ояти карима «иқро» сўзидан бошланади, яъни «ўқи» дейилган.
Эркаклар мукаллаф бўлгани каби аёл-қизларимиз ҳам мукаллаф. Уларга ҳам таклифотлар, мажбуриятлар, фарз амаллар юклатилган. Аёл киши таълим олмаса, буларни адо этиши, қиёматда жавобгарлиги учун масъулиятни ҳис қилиши қийин. Муқаддас китобимизда «Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ҳам, аҳлингизни ҳам дўзах оловидан қутқаринг, сақланг», дейилган. Дўзах оловидан эса фақат илм билан қутқарилиш мумкин. Аҳлингиз дейилганда эса ён-aтрофдаги уларга тегишли бўлган аёллар (она, рафиқа, қизи, опа-сингиллар) назарда тутилган. Бу калиманинг маъносини чуқур англаб ўтган солиҳларимиз, ҳозирги олимларимиз ўзларига тегишли хотин-қизларини ҳеч қачон илмсиз қолдирмайдилар. Улар учун ҳаётда нимаики ўрганишлари керак бўлса, ўшани ўрганишлари учун шароит яратиб берганлар. Улар учун охиратда сўраладиган масъулиятларининг ҳам таълимини бериб борадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларига назар соладиган бўлсак, ўша даврда қул тутиш одати бор эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳозирда бундай амаллар қолмади. Улар айтдиларки: «Ким бир жориясини (чўрисини) яхши одоб бериб, таълим берса ва уни озод қилса ёхуд уйланиш истаги пайдо бўлиб оила қурса унга икки ажр бордир». Демак, чўри хотин-қизни оилали, бахтли-саодатли қилиб, таъминлаш баробарида уни илмли қилиш эвазига катта мукофот ваъда қилинган.
Бир жориянинг таълимига эътибор берган ислом шариати озод аёлларга таълим олиш ҳуқуқини ундан-да зиёда этиб қўйган. Таъкидлаш керакки, бирор оят ёки бирор ҳадисда қизларга илм шарт эмас, улар фақат уйда ўтириб ўз вазифасини бажарсин, дейилмаган. Аёл киши фақат эрига қараши, болаларини боқиш билан кифояланиши керак, дейилмаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча аҳли аёллари илмли бўлишган. Улар Қуръон ёдлаган, фатво беришда, фиқҳий масалаларда ўз замонасининг пешволаридан бўлишган. Катта-катта саҳобийлар келиб улардан маслаҳат сўрашган. Агар бу ножоиз бўлганида, ундан кўра хайрлироқ амаллар бўлганда эди, аввало пайғамбаримиз ўшани амалга оширган бўлардилар.
















