“Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига рози бўлиш лозим”
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Куллу нафсин зоииқотил мавт” дейди. Яъни: “Ҳар бир нафс ўлимни тотгувчидир”. Ҳар бир инсонга, ҳар бир жонга ўлим келиши муқаррар. Шу пайтга кадар бирор бир инсонни ўлимдан қочиб қутула олмаган. Шундай экан, инсон бу нарсага тайёр туриши, иқрор бўлиши, ўлим келганда унга рози бўлиши керак, бунга бўйсуниш – Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлишидир. Жаноза мавзусининг энг катта эътибор бериладиган жиҳати ана шунда. Яъни биз иймон-эътиқодда Аллоҳга иймон келтирганмиз ва ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Унинг иродаси билан бўлишини қабул қилишимиз керак.
У ирода қилган пайт инсонни яратади, жон ато этади, вақт-соати етганда ўзи берган омонат жонни қайтариб олади. Бандалар бунга кўниб, қабул қилиши керак.
Албатта, яқин инсонидан ажралиш осон эмас. Лекин бунга эътироз қилиб, Аллоҳга ширк келтирувчи гаплар айтиш гуноҳ ҳисобланади. Хафа бўлишдан, маҳзунликдан қайтарилмаган, лекин ҳар хил тасарруфлар қилиб, ҳар хил гаплар гапиришдан қайтарилган. Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига рози бўлиб, ҳузнимизни изҳор қилиб сабр қиламан, деган фикр ҳар бир эркак ва аёлнинг қалбида бўлиши лозим.
Тўрт фарзи кифоя
— Динимизда жанозага жуда катта эътибор берилади. Мусулмоннинг, мўминнинг ҳуқуқлари шунчалик эъзозлаб қўйилганки, бир мусулмон вафот этса, муслимлар аҳли зиммасига тўрт нарса юклатилади ва бу “фарзи кифоя” дейилади. Бу шундай амалларки, фақат айрим мўминлар томонидан адо этилсагина соқит бўлади, бўлмаса, барча мўминлар гуноҳкор бўлиб қолишади. Бу тўрт нарса: майитни ювиш, кафанлаш, унинг жанозасини ўқиш ва олиб бориб дафн қилиш. Мана шуларни ниҳоятда одоб билан, шариатга амал қилган ҳолда бажариб юзага чиқариш керак.
Энди умумий қилиб айтадиган бўлсак, бундай бир мусибат пайтида Аллоҳ таолога нисбатан одоб билан туриш керак, майитга нисбатан одоб билан туриш керак. Жанозада қатнашаётган инсон ўзига нисбатан ҳам, майитнинг яқинларига ҳам одоб билан ёндашиши талаб қилинади. Майитга нисбатан ана шу тўрт нарса чиройли бажарилиши уни сўнгги манзилга бекаму-кўст кузатишнинг пайида бўлиш лозим. Агар ортиқча нарсага йўл қўйиладиган бўлса, бу майитга ҳам азият келтириши мумкин.
Яқинидан айрилган инсон у вафот этганидан кейин ҳам унга нисбатан “Нима қилсак яхши бўлади?” деган саволни қўйиши ва шунга қараб иш кўриши керак.
















