Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эркак ва аёллар масаласи ҳар замон ва ҳам маконда тортишувли масала бўлиб келган. Бу ерда энг кўп муаммолар қайси нуқталарда келиб чиқаётгани тўғрисида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламиз.
Оила, эр-хотинлик муносабатлари динимизда муқаддас ришта ҳисобланади. Бу риштани боғлаш, оила барпо қилишда катта мақсадлар кўзланган. Шу сабабдан ҳар иккала тарафга ҳам ўзига яраша масъулиятлар, бурчлар, вазифалар юклатилган.
Аввало, оила қуришдан мақсад нималигини тушуниш лозим. Шариатимизда ҳар бир ишдан кўзланган мақсад бор. Динимизда инсоннинг ҳаёти, ақли, дини, шаъни ва молини муҳофаза қилиш муҳим ҳисобланади ва шунга яраша аҳкомлар жорий қилинади. Оила қуришдан мақсад – иффатни сақлаш, яъни иккала томон ҳам бир-бирларининг иффатларини сақлашлари керак бўлади. Яна бир асосий мақсад эса насл қолдириш. Тинч-тотув оила бунёд этиш ҳам мақсадлардан бири бўлиб, оила тинч бўлса – жамият ҳам тинч-тотув бўлади. Жамиятнинг салоҳиятли бўлиши оилаларнинг салоҳиятли бўлишига боғлиқ.
Оилада эр ва аёлнинг ўзига хос муштарак бурч ва вазифалари бор: никоҳланиб, ҳалол ҳаёт кечириш, бир-бирига нисбатан Аллоҳдан қўрққан ҳолатда муносабатда бўлиш лозим.

Фото: Kun.uz
Эрнинг аёли олдидаги бурчлари
Оилада эркакнинг ўз аёли олдидаги бурчи икки қисмга бўлинади: моддий ва маънавий бурчлар. Моддий бурчларга аёл кишининг таъминоти назарда тутилади. Бу аёлга маҳр беришдан бошланиб, оила қурилгач, унинг барча эҳтиёжлари: емак-ичмак, кийим, маскан, агар қурби етса, аёл уй юмушларида қийналиб қоладиган бўлса, уни ёрдамчи билан таъминлаш, уй жиҳозлари, озодалик учун керакли анжомлар билан таъминлаш эркакнинг зиммасидаги бурч ҳисобланади. У ўз аёли учун буларни оғринмасдан амалга ошириши керак.
Маънавий бурчлар эса аёлга илм бериш, унинг динини мустаҳкам қилишдан бошланиб, аёлга яхши муносабатда бўлиш, яхши яшаш назарда тутилади.
Қуръони каримда ҳам: “Аёлларингиз билан яхши муошаратда (яхши яшашлик) яшанг”, деб амр қилинган. Аёлини ерга уриб, хўрлаб, унга азият етказмаслик, беэътибор ташлаб қўймаслик ҳам эрнинг маънавий бурчи ҳисобланади.

















