Жамият | 19:50 / 16.09.2019
37134
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими кунига 300 килограмм пахта теришга ваъда берган аёлга «Спарк» совға қилди

Пахта йиғим-терими олдидан Андижон вилоятининг барча туманларида ҳосилни сифатли ва тез кунларда йиғиб олиш мақсадида йиғилишлар бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида ўтказилган машваратларда пахта теримига ташкил қилинган отрядларнинг тайёргарлиги таҳлил қилиниб, мавсумни намунали ўтказиш бўйича топшириқлар берилган.

Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоғидаги «Сарвиноз-Парвоз» фермер хўжалигида ўтказилган ана шундай йиғилишда теримчи аёллардан бири Олмахон Ҳусанова вилоят ҳокимига оила аъзолари билан кунига 300 килограммдан пахта теришга аҳд қилишганини айтган.

«Мавсумда бор кучимиз билан меҳнат қилиб, оиламиз учун «Спарк» автомашинаси олмоқчимиз», деган теримчи аёл.

«Теримчи опамиз, икки ўғли Россияда ишлашга кетганини, агар улар ҳам шу ерда бўлганида пахта теримида автомашина учун маблағ йиғишда қийинчилик бўлмаслигини айтди. Шундан сўнг, вилоят ҳокими теримчи аёлга, кунига 300 килограммдан пахта теришга ваъда бергани учун «Спарк» автомобили совға қилишини айтдилар. Шу куни туман ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва сектор раҳбарлари Олмахон Ҳусановага вилоят ҳокими совғасини топширишди. Онасининг совға олганини ижтимоий тармоқлар орқали кўрган чет элдаги икки ўғли ҳам ҳозир уйга қайтиб пахта йиғим-теримида иштирок этмоқда», дейди Пахтаобод тумани ҳоким ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Одинахон Ҳайиталиева.

Бу йил пахта йиғим-теримига тайёргарлик бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2019 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хом ашёсини териб олишда,

қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 800 сўмдан, иккинчи теримда 1 200 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш белгиланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид