Ўзбекистон | 13:39 / 16.09.2019
34347
2 дақиқада ўқилади

Миср Ўзбекистонга савдо бўйича ўзига хос таклиф билан чиқди

2019 йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов бошчилигидаги делегация Қоҳира шаҳрига ташриф доирасида Миср савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмад Антар ва инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Реда Бебарс билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати
Фото: ТИВ ахборот хизмати

Музокаралар чоғида икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инвестицион ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлигини фаоллаштиришнинг амалий масалалари 2018 йил сентябрь ойида Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган иқтисодий келишувларнинг бажарилиши нуқтаи назаридан муҳокама қилинди.

Учрашувда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро комиссиясининг 7-мажлисининг кун тартиби ва амалий жиҳатлари, унинг доирасида бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорларининг Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Миср томони Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш учун Мисрнинг Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан амалдаги эркин савдо режимида берилган имкониятлардан фойдаланишни таклиф қилди, дейилади ТИВ хабарида.

Бундан ташқари, Миср халқаро савдо тизими Тарифлар ва Савдо бўйича Бош Битим / Жаҳон савдо ташкилотининг асосчиси сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш масаласида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлиги маълум қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси «Ўзбекистон-Миср: иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этди. Конференция иштирокчилари икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда татбиқ этиш учун янги имкониятлар очаётган мамлакатдаги ислоҳотларнинг бориши билан танишдилар.

Мавзуга оид