Ўзбекистон | 10:48 / 17.09.2019
2429
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида аёллар тадбиркорлигига халақит бераётган муаммолар очиқланди

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

2019 йил 16 сентябрь куни Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Бошқарув ва бизнесда хотин-қизлар иштирокини ошириш – мамлакат сиёсатининг устувор йўналиши” мавзусида семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 2,5 минг нафар аёл тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, қарийб 4 мингга яқин аёл учун иш ўринлари яратилган, шунингдек, уларга ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар жойлаштирилган. 

Шунга қарамай, вилоятда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда айрим  муаммолар ҳам мавжудлиги семинарда танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, аёл фермерларга ер майдони ёки тўловлар ўтказиб бериш,   тадбиркор хотин-қизларга бинолар, банк кредитлари ажратиш ва бузилган бинолар бўйича компенсация пуллари тўлаш билан боғлиқ масалалар мавжудлиги ҳам қайд этиб ўтилди.

Семинар давомида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид