Ўзбекистон | 21:25 / 17.09.2019
3851
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида замонавий биотехнологик мажмуа қурилади

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида “Inter Vet” МЧЖ (Ўзбекистон) ва “Агровет” АЖ (Россия) ўртасида био- ва фармтехнологиялар соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги Меморандум имзоланди.

Ҳужжат Тошкент вилояти ҳудудида ветеринар биологик ва фармацевтик воситалар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона шаклидаги биотехнологик мажмуа қуришни кўзда тутади. 

Лойиҳа қиймати 10 млн долларни ташкил қилади. Келишувга кўра, Россия томони лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланганлиги, мажмуанинг режавий ечимини ишлаб чиқади, технологик ва меъёрий ҳужжатларни тақдим қилади. Бундан ташқари, янги корхона ходимлари “Агровет” базасида ўқитилади. Йил охиригача қўшма корхонани рўхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда, 2020 йил мартигача эса лойиҳавий ҳужжат тайёрланиб, тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар олинади.      

1991 йилда ташкил этилган “Агровет” компанияси Россиянинг ветеринар биотехнология соҳасидаги етакчи илмий-ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади. Компания дунёнинг кўплаб давлатларига замонавий ва юқори сифатли ветеринар воситаларни етказади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид