Ўзбекистон | 19:34 / 18.09.2019
20682
4 дақиқада ўқилади

25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалар ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни 2020 йил 1 мартга қадар алмаштириб беради.

2020 йил 1 мартдан бошлаб (2020 йил 1 мартдан - 2021 йил 1 январга қадар) қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар фақат МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.

Тижорат банклари ва уларнинг филиалларида эски намунадаги тангалар ва банкнотларни санаб-саралаш, қимматликларни ташиш ишлари Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома талабларига мувофиқ амалга оширилади.

МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиалларида мавжуд бўлган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қуйидагича шакллантирилади:

Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 100 донадан солинган қопларда;

Марказий банкнинг 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 1000 донадан солинган қопларда;

Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик банкнотлари қийматига қараб 100 донадан дасталаб, 10 та дастадан иборат бўлган боғламларда шакллантирилади.

Қиймати ва тоифалари бўйича тўлиқ шакллантирилган тангали қоплар ва тўлиқ боғламдаги банкнотлар тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан инкассация хизмати орқали Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилади.

Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлов воситаси бўлиб ҳисобланиши бўйича белгиланган муддат тугаганидан сўнг тижорат банклари ва уларнинг филиалларида тўлиқ бўлмаган ҳолда шакллантирилган боғламлар ҳам МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилиши лозим.

МБББ Ҳисоб-китоб касса марказига тижорат банклари ва уларнинг филиалларидан олиб келинган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлиқ қайта саналади.

Қайта санаш жараёнида аниқланган камомад ва ортиқча қўйилмалар бўйича далолатнома тузилади ва расмийлаштирилади.

МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларида эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қиймати бўйича алоҳида дасталаниб ҳамда тўлиқ боғламлар шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг инкассация хизмати орқали Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказига олиб келиб топширилади.

Белгиланган муддатга қадар МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари 2021 йил 1 январгача, барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари 2020 йил 1 мартгача мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз, чекловларсиз қабул қилишлари ва ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда улар бўйича ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Марказий банкнинг эски намунадаги тангалари ва банкнотлари бўйича ҳисоб-китоблар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан:

банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);

муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;

мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;

коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид