Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон гидроэлектростанцияларни ривожлантиришда Франция билан ҳамкорлик қилади
2019 йил 17 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Франция Республикасининг Марказий Осиёдаги иқтисодий дипломатия бўйича вазирининг махсус вакили Паскаль Лоро бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда иқтисодиёт ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Франция Ўзбекистоннинг Европадаги биринчи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири экани қайд этилди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси президентининг Францияга 2018 йил октябрдаги расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида молиявий-техник кўмак воситаларини, шунингдек тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини ривожлантиришга жалб қилиш соҳасида комплекс ишлар амалга оширилмоқда.
Шаҳар иситиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистонда гидроэлектростанцияни ривожлантириш ва хусусий сектордаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича лойиҳалар ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.
Учрашувда икки томонлама иқтисодий муносабатлар суръати узлуксиз ошиб бораётганини ва бу икки давлат манфаатларига тўлиқ жавоб бериши таъкидланди.
Томонлар ўзаро иқтисодий манфаатли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарида.