Жамият | 09:57 / 18.09.2019
19393
2 дақиқада ўқилади

Россияда икки ўзбекистонлик ЙПХ ходимларига ҳужум қилди. ТИВ вазият назоратга олинганини билдирмоқда

Фото: 78.ru

9 сентябрь куни кечқурун Петербургнинг Петродворцовий туманидаги Ропшинский шоссесида йўл-патруль хизмати ходимига ҳужум қилган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очилди. Полициячи жароҳатланган ва касалхонага ётқизилган.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, ЙПХ ходимлари ичида ҳайдовчи (маҳаллий фуқаро) ва Ўзбекистоннинг икки фуқароси бўлган «Газель» автомобилини ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатишган. Ўзбекистон фуқароларининг ёнида ҳужжатлари бўлмаган ва уларни полиция бўлимига олиб боришга қарор қилинган.

«Келиб чиққан можаро пайтида улардан бири полициячини бир неча марта урган, сўнг уни қўлга олишди», - дейилади Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармаси маълумотида.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқаролари иштирокида 2019 йилнинг 9 сентябрь куни содир бўлган ҳодиса ҳақида тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари берган хабарга кўра, полиция томонидан тўхтатилган автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчиси полиция ходимининг қонуний талабларини бажаришмаган ва унга тан жароҳатлари етказишган. 

Хабарда қайд этилишича, ҳайдовчи ва бир йўловчи қўлга олинган. Учинчи иштирокчини қидириб топиш ва қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Жиноий иш қўзғатилган.

Бош консулхона томонидан мазкур вазият назоратга олинган ва Санкт-Петербург шаҳрининг тергов органлари билан ишчи алоқалар ўрнатилган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатишича, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск области, Калининград области, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград области, Мурманск области, Ненец автоном округи, Новгород области, Псков области, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда области) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид