Бугун, 19 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 28 январда имзоланган фармони юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Берилган маълумотларга қараганда, инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари, Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Бу вазирлик инвестиция ва савдо фаолиятига ёки сиёсатига салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда етакчи бўғин ҳисобланади.
Вазирлик мутасаддилари саволларга қуйидагича жавоб беришди:
– Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг инвестициялар жалб қилишдаги ўрни қандай? Қўшни давлатлар билан солиштирганда биз қандай даражаларга эришяпмиз?
– Шубҳасиз, сўнгги йилларда мамлакат инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бекор қилиш, валютани эркинлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар инвестицияларни, айниқса хорижий инвестициялар жалб қилишни кескин оширишда муҳим ўрин эгаллади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ўсиш суръатлари бўйича бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойида жалб қилинган хорижий инвестициялар 8,3 млрд. доллардан ортиб, ўтган 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробар ўсди.
Алоҳида эътибор хорижий инвестицияларни жалб қилишда тармоқлар диверсификациясига қаратилмоқда. Жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан марказий Осиё давлатларига жалб қилинаётган хорижий инвестициялар таркиби таҳлил қилинганда, улар асосан хом-ашё ресурсларини қазиб олишга, хусусан, нефть-газ тармоғига қаратилганлигини кузатиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда хорижий инвестициялар таркиб жиҳатдан ҳам тубдан ўзгармоқда ва бошқа тармоқлар ўртасидаги диверсификацияга эътибор қилинмоқда. Жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг фаол ўсиши суръатлари металлургия (2,4 баробар), текстиль саноати (2,7 баробар), фармацевтика саноати (6,3 баробар), озиқ-овқат саноатида (3,1 баробар) кузатиш мумкин.
Хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг кескин ўсиш суръатларини ҳудудий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларда ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, ушбу инвестицияларнинг ўсиш ҳажми 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 10 баробарни ташкил этди.

















