Жамият | 21:01 / 20.09.2019
15916
2 дақиқада ўқилади

Иқбол Мирзо: «Ўтган йили шу таклифга қарсакбозлик қилганлар дабдабали тўйларнинг бошида турганини кўрдик»

«Қарор ижросини ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳамма қараб турибди: ўзлари нима қиларкин?»

Тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш борасида аввало мансабдорлар бошқаларга ўрнак кўрсатиши лозим. Бир неча кун олдин Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан янграган ушбу фикрни бугун айни масала билан шуғулланувчи республика комиссиясининг раиси Иқбол Мирзо ҳам билдириб ўтди.

«Қарор ижросини, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз керак. Биз ҳам тўйлар арафасида турибмиз. Ҳамма қараб турибди: ўзлари нима қиларкин? Атрофимиздаги танишлар, қариндошларга тўйларни ихчам ўтказиш бўйича маълумот берсак, яхши бўларди.

Ўтган йили бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаб, қарсакбозлик қилганлар дабадабали тўйларни бошида турганлигини кўрдик», – деди Иқбол Мирзо тўй-ҳашамларни тартибга солиш учун янги ташкил этилган комиссиянинг илк йиғилишида.

Йиғилишда билдирилган таклифларга кўра, маҳалладаги обрў-эътиборли инсонларнинг тўйини намуна қилиб ўтказиш керак. Агар бир неча одамларнинг тўйи ихчам ва камтарона тарзда ўтса, кўзланган натижага эришиш мумкин.

Таъкидланишича, қарорга биринчи бўлиб раҳбар ва амалдорлар риоя қилиши зарур. Ўшанда одамлар уларга эргашади.

Анжуманда комиссия аъзолари томонидан «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор мазмун-моҳиятини қандай қилиб халққа тушунтириш, тарғиботини амалга ошириш ва мавзу атрофида айланаётган саволлар юзасидан шу ва бошқа қатор мулоҳазалар билдирилди.

Иқбол Мирзо: «Тўйларимиз мамлакатни урушсиз вайрон қиладиган аҳволга келиб қолди»

Мавзуга оид