Ўзбекистон | 18:47 / 01.11.2022
15674
3 дақиқада ўқилади

“Бор-йўғи уч фоиз мактабларимизда қурол бор” – депутат Иқбол Мирзо

Депутат собиқ иттифоқ ҳудудида бўлаётган воқеалар, қисман мобилизация эълон қилингач минглаб одамлар ватанини ташлаб кетаётган фонида республикадаги мактабларда ёшларнинг ҳарбий тайёргарлиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратган.

Фото: Видеодан кадр

1 ноябр куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу жумладан, умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитишда амалга оширилган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Халқ таълим вазири Бахтиёр Саидовнинг жавоби муҳокама қилинди.

Қуйи палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Солиҳов парламент сўровига процедура талабларига зид равишда вазирнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари жавоб берганини танқид қилди. Солиҳовга кўра парламент сўровига қўйилган саволларга ХТВ томонидан тўлиқ жавоб берилмаган. Фақатгина депутатларнинг талабидан сўнг халқ таълими вазири томонидан қўшимча маълумотлар тақдим этилган.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси, муқаддам Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашига раҳбарлик қилган депутат Иқбол Мирзо республикадаги 3 фоиз мактаблардагина чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанида қуроллардан фойдаланиб дарс ўтилиши, қолган 97 фоиз мактаб ўқувчилари бундан мосуво эканини таъкидлади.

“Ватаннинг мудофааси мактабдаги тарбия билан боғлиқ бўлади. Мактабларимизда 5-6 йил олдинги шароитлар жуда ёмон эди. Лекин ҳали ҳам жуда кескин яхшилангани йўқ. Айниқса мутахассис ўқитувчилар етишмасди. Ўқитувчиларга ойлик масаласида муаммолар бор эди. Ҳарбий хизматдан бўшаган юқори тоифали офицерларни дарс жараёнига жалб қилиш жуда ҳам тўғри ечим бўлди. Чунки ҳарбий тажрибаси бор одамларнинг бевосита ўқувчилар билан мулоқотлари, дарслари бошқачароқ таъсир кўрсатади.

Бор-йўғи уч фоиз мактабларимизда [ўқув-машғулотларида фойдаланиладиган] қуроллар бор. Мана шу шароитда қўлига қурол ушлаб кўрмаган болада қандай қилиб бу туйғу пайдо бўлади. Биз ўқиган пайтларда ҳамма мактабларда камида ўнтадан АКМ автоматлари бўларди ва буни қўлимизда ушлаб, завқини туйганмиз.

Тўғри, кейинги пайтларда баъзи бир мулоҳазалар билан бу қуроллар йиғиштириб олинди. Лекин мана шу масалада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳатто баъзи бир мактабларимизда ҳалигача ҳарбий саф майдонлари ҳам йўқ. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, бу масалага жиддий қараб, назоратини йўлга қўйиш керак. Темур бобомизнинг: “Агар тинчликни истасанг, урушга тайёр тур” деган машҳур гаплари бор. Собиқ шўро ҳудудида бўлаётган воқеалар, қисман мобилизация эълон қилингач ватанини ташлаб кетаётган юз минглаб одамлар, йигитлар бугунги масаланинг жиддий эканини кўрсатяпти”, дея таъкидлаган депутат.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сонли қарорида мактабларда махсус ҳарбий ватанпарварлик хоналари ташкил этилиши, 90 турдаги ўқув кўргазмали ҳарбий қурол ва аслаҳалар билан таъминланиши кўзда тутилганди.

Аввалроқ Нурафшонда ички ишлар мансабдорлари қисмларга ажратилган ўқотар қуролни йиға олмагани акс этган видеолар тарқалганди.

Мавзуга оид