Хотин-қизлар қўмитаси аёллар мардикор бозорларидан лавҳалар юзасидан расмий ахборот эълон қилди
17 сентябрь куни қатор нашрларда аёллар мардикор бозорларидан лавҳалар берилди. Бу видеотасвирлар ижтимоий тармоқларни бир зумда айланиб чиққани ҳолда, бошқа сайтлар томонидан ҳам намойиш этилди, дейилади Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитасининг расмий ахборотида.
«Ушбу муаммо давлат ва жамоат ташкилотлари эътиборидан четда эмаслигини, Республика Хотин-қизлар қўмитаси мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан бир нечта лойиҳалар устида иш олиб бораётганини маълум қилади.
Хусусан, бир кунлик меҳнат билан шуғулланишни ҳамда шу йўл орқали рўзғор тебратишни истайдиган аёлларга қулайлик яратишни кўзда тутувчи лойиҳанинг пилот варианти тез орада Яшнобод туманида ишга туширилиши мўлжалланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «JOB CAFE» масъулияти чекланган жамиятининг вақтинчалик-бир марталик ишларни бажарувчи хотин-қизларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.
Яна бир лойиҳа — ҳуқуқшунос Шаҳло Шарипованинг мардикор аёллар меҳнатини маданийлаштириш, расмийлаштириш, иш берувчи билан иш изловчи ўртасида воситачи бўлишга қаратилган «Мададкор аёл» инновацион лойиҳасидир.
Глобализация даврида меҳнат миграцияси кун сайин янгиланиб боравериши табиий. Биз ўнлаб аёлларни вилоятига қайтариб жўнатсак, муаммолар ва турли қийинчиликлар сабабли юзлаб аёллар яна мардикор бозорларини тўлдиришаверади.
Шу боис ўтган даврлардаги — иш излаб пойтахтга келган аёлларни ёппасига ўз ҳудудига қайтариб юбориш «амалиёти» аллақачон эскирганлиги инобатга олиниб, иш излаб юрган аёлларнинг таклифларини ҳам олиш мақсадида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Биз кенг жамоатчилик, қадрли журналистлар ва блогерларимиздан юқоридаги муаммоларга барҳам беришга, уларнинг салбий оқибатларини камайтиришга хизмат қиладиган оқилона ечим йўлини кўрсатишларини ва таклифлар беришларини илтимос қиламиз. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликка ҳамиша тайёр», — дейилади Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати томонидан эълон қилинган ахборотда.
Хотин қизлар қўмитаси ўз расмий сайтида «Мардикор эмас, мададкор аёллар» сарлавҳаси остида эълон қилинган таҳлилий мақолада ушбу мавзуга яна бир бор тўхталган.
Пойтахтимизнинг «Қўйлиқ», «Эски Жўва» бозорлари атрофларида, шунингдек, Тошкент туманининг Келес ҳудудида мардикор аёл деб юритиладиган, вақтинчалик-бир марталик иш билан банд хотин-қизларнинг иккита асосий нуқтаси бор.
Яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари мазкур бозорларда бўлиб, вилоятлардан иш излаб келган 287 нафар хотин-қиз билан учрашишди. Мулоқотлар чоғида уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари чуқур ўрганилди.
Ўзаро суҳбатлар чоғида мардикор аёллар жойларда таклиф қилинаётган иш ўринлари учун тўланадиган ойлик маошларининг камлиги, марказий шаҳарларда уларнинг хизматига юқорироқ нарх тўланиши, аксарият ҳолларда тураржойга эҳтиёжларининг баландлиги, тўй қилиш ва уй-жойларини таъмирлатиш, фарзандларининг контракт пулларини тўлашлари, касал яқинларини даволатишлари учун катта маблағ зарурлигини асосий сабаб сифатида келтиришди.
Жойлардаги яшаш шароитларидан кўра пойтахт шароитининг мақбуллиги, ҳудудларда газ ва электр энергиясида узлуксиз узилишларнинг мавжудлигини ҳам айтиб ўтишди.
Бу аёллар айрим иш берувчилар ишлатиб, пулини бермасликларини, баъзи ҳолларда зўравонлик ҳолатларига ҳам учраётганликларини маълум қилишди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёлларнинг баъзи муаммоларини (масалан, боласига гувоҳнома ёки паспорт олиш, боғча ва мактабга жойлаш, оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда кредитга уй олиб, тўлолмаётган аёлларни ўз вилоятларида маоши юқорироқ бўлган иш ўринларига жойлаш каби) ҳал этишга кўмаклашишди.
Бугунги вазият мутасадди идораларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашини, ушбу аёллар фаолиятини тартибга солишда инновацион ёндашувларни ва замонавий усулларни қўллашни талаб қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир қатор лойиҳалар устида жиддий иш олиб бораётир, дейилади мақолада.
Мавзуга оид
18:49 / 29.01.2020
Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши маълум қилинди
02:25 / 20.12.2019
19 нафар маҳкума аёл Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан озодликка чиқарилди
18:56 / 10.12.2019
Ўзбекистонда хотин-қизларга доир ўн йиллик стратегия ишлаб чиқилмоқда
15:44 / 26.11.2019