Жамият | 15:44 / 26.11.2019
1568
3 дақиқада ўқилади

2019 йилнинг 9 ойида тадбиркор хотин-қизларга 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди

Ҳозирда Ўзбекистоннинг 14та ҳудудидаги Хотин-қизлар қўмиталари қошида ташкил этилган «Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» фаолият кўрсатмоқда.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни ўрнатиш режалаштирилган иқтисодий ислоҳотларга эришиш гарови сифатида» мавзусидаги бизнес форумда маълум қилинишича, ушбу марказларда 18 минг нафардан зиёд хотин-қизлар қисқа ўқув курсларида ўқитилди. Жорий йилнинг 9 ойи ҳолатига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони 38 минг 267 нафар бўлиб, улар томонидан 60 мингга яқин иш ўринлари яратилди. 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида тижорат банклари томонидан жами 79 минг 645 нафар хотин-қизларга 1 триллион 924 миллиард 542 миллион сўмлик кредитлар ажратилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таъкидланишича, сўнгги йилларда тадбиркорларга имтиёзлар яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида изчил ислоҳотларга қадам ташланди.

Айни пайтда республикада бўш ва самарасиз фойдаланилаётган йирик объектлар ва ер майдонларида йўлга қўйилган 143та кичик саноат зоналари, 21та саноат, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик зоналари фаолият юритяпти. Ўтган икки йил ичида божхона божлари ставкалари икки баравар камайтирилди, 3 минг 550 номдаги маҳсулотларга ноль ставкадаги импорт божи ва 1 минг 222 турдаги маҳсулотларга ноль ставкадаги акциз солиғи жорий қилинди. Солиқ тизими тубдан ислоҳ этилиб, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Ўзбекистон президентининг 2018 йил 22 январдаги фармонига асосан мамлакатда икки йил муддатга тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга мораторий эълон қилинди.

«Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2018 ва 2019 йилги ресурс маблағлари ҳисобидан 5 минг 44 нафар хотин-қизларга 119 миллиард 560 миллион сўм миқдорда кредитлар берилди», деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова.

Бизнес форумда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга тўсқинлик қилаётган масалаларга ечим топиш, давлат органларининг тадбиркорлар билан фаол мулоқотга киришишлари ва бунинг натижасида тизимдаги мавжуд муаммоларга қарши биргаликда курашиш муҳимлиги алоҳида қайд этиди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид