Ўзбекистон | 21:56 / 23.09.2019
7899
2 дақиқада ўқилади

«2019 йил якунига қадар Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сони 6,5 млн бўлади» ─ Туризмни ривожлантириш қўмитаси

23 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда туризмни ривожлантириш бўйича жорий йил якунига қадар амалга оширилиши кўзланган кўрсаткичлар ҳақида маълумотлар берилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Оққуловнинг сўзларига кўра, жорий йил якунига қадар Ўзбекистонга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони 6,5 миллионга етиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 15 фоиз кўпроқни ташкил этади.

«Туризм хизматлари экспорти йил якунида умумий ҳисобда 1,301 млн долларни ташкил этиши мўлжалланган. Шунингдек, хорижий меҳмонларни қабул қилиш сиғимини ошириш мақсадида 28 минг хонага эга бўлган 1142та меҳмонхона барпо этилиши режалаштирилган. Ўтган йили 106тани ташкил этган оилавий меҳмонхоналарнинг умумий сони 800тага етиши кутилмоқда. Туризм фаолиятининг асосий субъекти ҳисобланган туроператорлар сони эса йил якунида 1400дан ошиши таъминланади», ─ дея Оққуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Абдулазиз Оққулов

Шунингдек, визасиз режим жорий этилган давлатлар рўйхатининг кенгаяётгани хусусида маълумот берилди. Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 47та мамлакат фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилди, электрон виза олиш имкониятига эга мамлакатлар сони 77тага етказилди. Икки ва кўп маротабали электрон виза бериш тизими жорий этилди.

«Мазкур ишлар натижасида 2019 йилнинг ўтган 8 ойида виза режими бекор бўлган мамлакатлардан ташриф буюрувчи туристлар сони ўртача 56 фоизга, жами туристлар ташрифи эса 27 фоизга ўсди», ─ дея таъкидлайди Абдулазиз Оққулов.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид