Шиддатли ахборот даврида яшаяпмиз. Нафақат қайсидир шахслар, мансабдорлар, балки бутун ташкилотлар ҳам ўз фаолияти билан тез-тез омма эътиборига тушади, баҳс-у мунозараларга сабаб бўлади. Ана шундай ташкилотлардан бири Мажбурий ижро бюросидир. Ҳафтанинг бирор куни, ойнинг бирор ҳафтаси йўқки, бу бюро фаолиятига оид хабарлар эълон қилинмаса. Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бюро фаолияти билан яқиндан танишиш, тўпланиб қолган саволларга жавоб олиш мақсадида МИБ директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатда бўлдик.

– Бюрога эътирозларнинг аксарияти истеъмолчилардан талаб қилинаётган нореал қарздорликлари билан боғлиқ.

– Нореал қарздорлик – асосcиз қарздорликнинг келиб чиқиши Бюро органлари ташкил этилиши билан боғлиқ эмас. Ушбу ҳолатлар Бюро фаолияти даврида кўпроқ юзага чиқди. Масалага чуқурроқ ёндашилса, бундай қарздорликлар муқаддам истеъмолчи корхоналар томонидан фойдаланилган ресурсларнинг истеъмолчиларга йиллар давомида ҳисобланиб келиниши оқибатида юзага келган.

Бу қарздорлик ўзи қаердан келиб чиққани кўпчиликни қизиқтиради.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмаслиги, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши, энергия ресурслари ва сувнинг истеъмолчиларга етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида қўйилиши бунга асосий сабаб бўлган.

Яна ҳам соддароқ қилиб айтаман, бирорта хонадон ёки корхона ташкилотда фойдаланган табиий ресурслар учун тўлов амалга оширилмаган ва бунинг эвазига қарздорлик юзага келгани ҳақидаги маълумот рўйхат асосида таъминотчи корхоналардан Бюро органларига келиб тушади.

Шу маълумот асосида Бюронинг давлат инспекторлари қарздорнинг манзилига чиқади. Мақсад эса қарздорликни ундириш! Истеъмолчи манзилига борилганда маълум бўладики, у ердаги ҳисоблагичдаги кўрсаткич давлат инспектори қўлидаги маълумотдан кескин фарқ қилади.

Мана шу жараёнда асосий тафовут юзага келади ва Бюро ходимларига кўплаб эътирозлар бўлади.

Демак, нима қилиш керак, қандай йўл тутмоқ лозим, деган савол туғилади.

Бундай ҳолатда истеъмолчи давлат инспектори вазиятни тушунтириб, тўлов ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим ва ҳудудий бўлим ёки бошқарма номига мурожаат қилиши зарур. Ўз навбатида Бюро масъул ходимлари ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун қайта ҳисоб-китобни амалга ошириб истеъмолчи манзилида хатлов ўтказади, ортиқча бўлган қарздорликни олиб ташлаб, базага ҳаққоний қарздорликни киритиш чораларини кўради.