Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мақоладан сўнг: Чустда вилоят прокуратураси назорати билан суд қарори ижро этилди
Kun.uz сайтида Чуст туман ҳокими томонидан бир йилдан ошиқ вақт мобайнида маъмурий суд қарори ижрога қаратилмай келаётгани ҳақида навбатдаги хабар берилган эди.
Мурожаатчи Усубжон Хамдамов масала ҳануз ҳал этилмай келаётгани, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Наманган вилоятида ўтказган сайёр қабулидаги кўрсатмалари ҳам фойда бермагани ҳақида айтиб ўтганди.
Мақола эълон қилинишидан кўп вақт ўтмасдан, Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу масала юзасидан маълумот берди.
«Поп туман маъмурий судининг 21.06.2018 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимининг 30.11.2009 йилдаги 520-сонли қарори тўлиқ ҳамда 02.12.2009 йилдаги 657-сонли қарорининг «Шариф-Халил» фермер хўжалигига қўшимча ер майдони ажратишга оид қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу қарор ижро этиш учун Чуст туман ҳокимлигига юборилган, бироқ туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Соттимов томонидан қарор ижроси таъминланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан туман ҳокими номига киритилган тақдимномага асосан А.Соттимовга «ҳайфсан» интизомий жазоси эълон қилинган.
Суднинг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан вилоят ҳокимлигига 2019 йил август ойида хат юборилган.
Прокуратуранинг хатига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан Чуст туман ҳокими номига фуқаро У.Хамдамовнинг мурожаати бўйича суд қарорини ижросини таъминлаш бўйича топшириқ юборилган.
Чуст туман ҳокимининг 26.09.2019 йилдаги 5500-сонли қарори билан Поп туман маъмурий судининг 21.06.2018 йилдаги ҳал қилув қарори ижроси юзасидан туман ҳокимининг 30.11.2009 йилдаги 520-сонли қарорини тўлиқ ҳамда 02.12.2009 йилдаги 657-сонли қарорининг иккинчи бандидаги 5, 30 ва 31-контурларга оид қисми ўз кучини йўқотган деб топилган», дейилади маълумотномада.
Ушбу маълумотларнинг ҳаққонийлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун Усубжон Хамдамов билан боғландик. Фермернинг айтишича, вилоят прокуратураси вакиллари уни чақириб, қарор ижросини назоратга олишган. Ижрони таъминлаш мақсадида прокуратура вакили туман ҳокимлигига мурожаатчи билан бирга келган. Фермер адолат қарор топганидан боши кўкка етганини, вилоят прокуратурасидан миннатдорлигини билдирди.
Суд қарори ижро этилди, Бош прокурор ўринбосари кўрсатмалари бажарилди, фермерда ҳақиқат борлигига ишонч пайдо бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари доимо ҳақиқат учун хизмат қилишига умид қилиб қоламиз.
Баҳодир Аҳмедов
Мавзуга оид
18:06 / 01.07.2026
Фермерни сўкаётган ҳокимлар “дух”ни қаердан оляпти?
19:05 / 28.06.2026
“Хоҳлаган экинни экиш мумкин” – Янги тартиб фермерга нима беради?
09:00 / 28.06.2026
Коррупцияга қарши янги қонун ва танқидлар остидаги ҳокимлар — ҳафта дайжести
11:30 / 25.06.2026