Жаҳон | 22:59 / 28.09.2019
5411
1 дақиқада ўқилади

WhatsApp фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини Британия полициясига тақдим этиб туради 

Лондон ва Вашингтон ўртасидаги янги келишувга кўра, Американинг бир нечта ижтимоий тармоқлари, жумладан Facebook ва WhatsApp фойдаланувчиларнинг шифрланган ёзишмаларини Британия полициясига тақдим этади. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб Блумберг агентлиги хабар берди.

Агентликнинг билдиришича, келаси ойда имзоланадиган келишувга мувофиқ, ижтимоий тармоқлар ўта оғир жиноятларни фош этишда ёрдам бериш учун маълумотларни тақдим этиш мажбуриятини олади.  

Аввалроқ Буюк Британия ички ишлар вазири Прити Пател ижтимоий тармоқларни разведка хизматларига хабар жўнатувчи ва олувчиларнинг мессенжерларига кириш имкониятини тақдим этишга чақирганди.

Агентлик хабарида айтилишича, янги келишувга кўра, АҚШ Буюк Британиядан фарқли равишда Британия компанияларидан олинган маълумотлардан ҳеч қайси ишда фойдалана олмайди, бундан фақатгина ўлим жазосига олиб келувчи ишлар мустасно.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид