Бекободдаги болалар заҳарланган боғча вақтинча ёпилди, масъул ходимларга чора кўрилиши кутилмоқда
Мактабгача таълим вазирлиги Бекободдаги 15-сонли МТТдаги озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатини ўрганиб чиқди.
«Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Бекобод шаҳар тиббий бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 19 нафар бола «Ўткир диарея, гастроэнтерит» дастлабки ташхиси билан келтирилди. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 3 боланинг ҳолати ўрта оғирликда, 15 нафариники қониқарли, бир бола уйга жўнатилган. Даволашдан сўнг, болаларнинг барчасида тузалиш томон ижобий динамика кузатилмоқда.
Ушбу маълумот етиб келган заҳоти, Бекободга мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи жўнатилган.
Заҳарланиш сабабини аниқлаш мақсадида сув, озиқ-овқат, ошхона жиҳозлари, ходимлар қўли ва кийимларидан суртмалар, овқатнинг суткалик намунаси, шунингдек касалхонага ётқизилган болалардан анализлар олинган. Барча материаллар Давлат Санитария-Эпидемиология Марказига юборилган.
Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:
• МТТ янги маиший музлатгичлар билан жиҳозланган ва улар ишчи ҳолатида;
• ходимлар тиббий кўрикдан ўтганлар ва санитар китобчасига эга;
• МТТ сув таъминотида узилишлар бўлиб туради. «Аристон» сув иситгичи ишчи ҳолатида эмас;
• дезинфекция ва ювиш воситаларининг захираси мавжуд бўлишига қарамай ходимлар уларни ишлатишмайди;
• гуруҳларда эмалланган идиш-товоқ етарли эмас;
• гуруҳларга ичимлик суви қўйилмаган;
• 27 сентябрь кун таомномасига бир-бирига мос келмайдиган таомлар киритилган (бодринг ва кисель, қуюлтирилган сут ва олма);
Ўтказилган текширув жараёни овқат тайёрлаш блоки ҳамда гуруҳларда санитария қоидаларига риоя қилинмаганини кўрсатди.
МТТ фаолияти ва эпидемиологик текширув натижалари асосида раҳбар, ҳамшира ва озиқ-овқат блоки масъул ходимларига нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган маъмурий чоралар кўрилиши мумкин.
Айни вақтда Бекободнинг 15-сонли МТТси фаолияти вақтинча тўхтатилган, ташкилотда ювиш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда», дейилади вазирлик маълумотида.
27 сентябрь куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 15-мактабгача таълим муассасасида икки нафар тарбияланувчи ва бир неча боланинг овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди.
Кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бекободда боғча болалари билан рўй берган ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.
Шунингдек, Бош прокуратура Бекободдаги боғчада болаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан текширув ўтказишни бошлаганди.
Мавзуга оид
17:21 / 07.11.2024
Фарғонада тўрт киши овқатдан заҳарланди
19:32 / 23.10.2024
АҚШда McDonaldʼs чизбургерларидан ўнлаб инсонлар заҳарланди. Бир киши вафот этди
10:57 / 12.09.2024
Тошкентдаги Muhteshem doner кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилди
12:43 / 06.09.2024