Жаҳон | 22:53 / 30.09.2019
6768
2 дақиқада ўқилади

Полиция Ҳонгконгда Хитойнинг 70 йиллиги куни жуда хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Фото: РИА Новости / Мигель Кандела

Ҳонгконгда 1 октябрда Хитойнинг 70 йиллиги кунига белгиланган йирик норозилик марши тақиқланди. Бу ҳақда “Инсон ҳуқуқлари фуқаролик фронти”га (CHRF) иқтибос келтирган ҳолда DW нашри хабар берди. 

Бундан ташқари, маҳаллий ОАВ бир қатор фаоллар, жумладан маҳаллий сиёсатчилар ва актёрлар ҳибсга олинганини маълум қилган.  

CHRF’да ушбу ҳибсга олишлар қолган намойишчиларни қўрқитишга уриниш деб ҳисобланмоқда. Бироқ ташкилотда бу тактика иш бермаслиги, чунки Ҳонгконг аҳолиси “таслим бўлмаслигини аллақачон кўрсатиб қўйгани” айтилган. Фаоллар тақиқловга қарамай маршни ўтказишмоқчи.

Бу орада полиция Хитой Миллий куни Ҳонгконгда жуда хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Таъкидланишича, радикал кайфиятдаги намойишчилар томонидан террорчиликка яқин деб аталиши мумкин бўлган ҳужумлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида разведка маълумотлари олинган. Жумладан, гўёки намойишчилар ўз тарафдорларини полиция кийимига кийиниб олиб, полициячиларни ва бошқа одамларни ўлдиришга, АЁҚШлар ва биноларга ўт қўйишга чақирмоқдалар.

Шунингдек, бир неча ойдан бери тугамаётган намойишлар сабабли Хитой ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантаналар қисқартирилган. Жумладан, Виктория бандаргоҳи узра отилиши режалаштирилган салют бекор қилинган, эрталаб байроқлар кўтарилиши омма иштирокисиз амалга оширилади. Меҳмонлар хавфсизлик нуқтаи назаридан бу маросимни кўргазма маркази ичидаги экранлардан кузатишади.

Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лам ҳамда бир неча вазирлар, жами 240 кишилик делегация 30 сентябрда Пекинга Тяньаньмэнь майдонида ўтадиган ҳарбий парадда иштирок этиш учун учиб кетган. Лам 1 октябрдаёқ Ҳонгконгга қайтади, бу вақтда унинг ўрнини бош котиб (бош вазир) Мэттью Чжан эгаллаб туради.    

 

Мавзуга оид