Жамият | 20:00 / 01.10.2019
22659
4 дақиқада ўқилади

Хоразмда уйи бузилган одамлар Чондирқиёт қишлоғида қурилиш ишларини давом эттиришмоқда – фоторепортаж

Шу йилнинг июль ойида Kun.uz сайтида Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида яшаган ва ерлари давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган аҳоли ва ҳокимлик ўртасида юзага келган можаро ҳақида «Хоразмда уйи бузилган одамлар норози бўлишди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Кейинчалик одамларга Миллий Банкнинг Урганч бўлими томонидан компенсация пуллари тўлиқ тарқатилди. Жараённи Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам кузатиб борди, аҳоли билан учрашиб, суҳбатлашди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги одамлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун жами 394та хонадон эгасига 70 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пулини тўлиқ миқдорда тўлаб берди. Шундан сўнг Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган одамлар янги уй-жойларини қуриш ишларини бошлаб юборишган эди.

Орадан 2 ой ўтди, куз фаслининг салқин кунлари келди. Шу сабабли қурилиш ишлари қандай кечаётганини ўрганиш, одамларнинг кайфияти ва вазият билан танишиш мақсадида яна Чондирқиёт қишлоғига бордик.

Айни пайтда қишлоқда жуда кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Ҳудуд 4та қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида мини-штаб – қароргоҳ ташкил қилинган. Унда ҳокимлик ходимлари, қурувчи ташкилот раҳбарлари аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, кундалик муаммоларни шу жойнинг ўзида ҳал қилиш, бундан ташқари, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, назоратга олиш билан шуғулланмоқда.

Ўтган икки ой ичида бу ерда кўплаб 1 ва 2 қаватли уй-жойлар қад ростлади. Ўз маблағларига таяниб, қурилишни эртароқ бошлаган одамларнинг уйлари деярли битган. Турли сабабларга кўра кеч қолганларники эса фаол қурилиш жараёнида. Улар ҳам қишгача барча ишларни якунлаб олишга шошилмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан уй-жойларни электр энергияси тармоғига улаш, монтаж қилиш ишлари бажарилган. Электр энергияси таъминотида узилишлар йўқ.

Шунингдек, ҳудудни газ билан таъминлаш мақсадида қувурлар ётқизилган. Қурилиши тугалланган уйлар газ тармоғига босқичма-босқич улаб берилмоқда.

Ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида катта ҳажмдаги ишлар бажарилмоқда. Қувурлар ётқизиляпти, уй-жойлар ичимлик суви тармоғига босқичма-босқич уланяпти.

Кўчалардан бирига асфальт ҳам ётқизилган.

Қишлоқ ҳудудидаги хонадонлар эгалари хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан махсус таянч пункти ташкил қилинган.

Ҳудудга қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техникалар, экскаватор, бульдозер ва бошқа техникалар олиб келинган. Қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи бозорчалар ташкил қилинган. Бундан ташқари, тиббий хизмат кўрсатиш пункти ҳам ишламоқда.

Одамлар совуқ кунлар келишидан олдин имкон қадар уй-жойининг 1-2та хонасини яшаш учун яроқли ҳолга келтириб, кўчиб киришган. Айни пайтда ҳеч ким палатка ёки капада яшамаяпти.

Қишлоқ ҳудудида 900та ўринли янги мактаб биноси қурилиши ҳам бошланган. Режага кўра, бу мактаб кейинги ўқув йилида чондирқиётликларнинг фарзандлари учун ўз эшикларини очади. Ҳозирча ўқувчилар узоқ масофадаги мактабларга транспортда қатнаб, таълим олишмоқда.

Айни пайтда Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Одамлар уй-жойи учун белгиланган компенсация пулларини олганидан сўнг, ижтимоий тажанглик анча пасайди, ҳаммада ишчанлик кайфияти ҳукм суряпти. Ҳозирги кунда ташвишга солаётган долзарб масала – ёмғирли, қорли кунлар келмасидан олдин уй-жойларининг қурилишини тугатиб олишдир. Шу туфайли ишлар жадал кетмоқда.

Умид қиламизки, чондирқиётликлар бу мақсадига эришишади. Kun.uz эса вазиятни кузатиб боради.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид