12:50 / 02.10.2019
0
24907

Роналдуни тўхтатиб бўлмайди. У яна Мессини ортда қолдирди ва Касильясни «тахтдан туширди»

«Ювентус» «Байер»ни йирик ҳисобда енгди (3:0), Криштиану Роналду эса Чемпионлар лигасида навбатдаги рекордини ўрнатди.

Чемпионлар лигаси. 2-тур D гуруҳи
«Ювентус» (Италия) — «Байер» (Германия) — 3:0 (1:0)

Голлар: Игуаин, 17 (1:0). Бернардески, 62 (2:0). Криштиану Роналду, 89 (3:0).
«Ювентус» (Турин): Щенсни, Куадрадо, де Лигт, Бонуччи, Сандру, Криштиану Роналду, Хедира (Бентанкур, 74), Пьянич, Матюиди, Бернардески (Рэмси, 78), Игуаин (Дибала, 83).
«Байер» (Леверкузен): Храдецки, Вайзер, Бендер, Та, Венделл, Хаверц, Баумгартлингер, Арангис (Синкгравен, 80), Демирбай (Амири, 46), Аларио (Паулинью, 68), Фолланд.
Огоҳлантиришлар: Арангис, 19. Куадрадо, 55.
Ҳакам: Коллам (Шотландия).
1 октябрь. Турин. «Алльянц» стадиони.

Игуаин учун совға
«Ювентус» раҳбарияти Чемпионлар лигаси орзуси билан яшаётган, бу орзу амалга ошиши учун Криштиану Роналду ва де Лигтга катта маблағлар сарфлаган вақтда жамоанинг янги бош мураббийи камтарлик қилмоқда. «Ювентус»нинг мақсади — имкон қадар узоқроққа бориш, аммо турнир фаворитлари — инглиз жамоалари», — деди Маурицио Сарри «Байер» билан ўйин арафасида. 60 ёшли мураббий рақибни ҳам мақтади ва бу жамоа бундеслигада тўпни назорат қилиш борасида энг яхши кўрсаткичга эга эканига эътибор қаратди.

Ўз навбатида Петер Бос ҳушёрликни сақлашга ҳаракат қилди. «Биз «Локомотив»ни енгмоқчи эдик, аммо энди бошқа жамоадан очко олишимиз керак», — деди нидерландиялик мутахассис. Биринчи турни ўтказиб юборган Карим Демирбай «Ювентус»га қарши ўйинда жамоавий ўйинни ташкил қилиб бериши керак эди. Ҳақиқатда ҳам, немислар хотиржам ҳимояланишди, шу билан биргаликда рақиб хатоларини пойлаб қарши ҳужумлар уюштиришди.

Лекин «Байер» ўйини индивидуал хато туфайли бузилди. «Локо»га қарши ўйинда яримҳимоячи Бэйли ва дарвозабон Храдецки жамоани уялтиришганди. Туриндаги ўйинда эса Та антиқаҳрамонга айланди, у Куадрадонинг жарима майдонига узатган оддий узатмасини бош билан қайтариб юбориш ўрнига Игуаиннинг оёқлари остига ташлаб берди, шу вақтгача майдонда борлиги сезилмаган ҳужумчи бир ҳаракат билан тўпни ўзига бўйсундириб, иккинчи ҳаракатда тўпни дарвоза тўрига аниқ йўллади. Пипита учун бу 2018 йил мартидан буён Чемпионлар лигасида урилган биринчи гол бўлди.

Немислар биринчи бўлимда ҳеч қандай жавоб қайтара олишмади. «Ювентус»нинг ишончли ҳимояси билан жамоа танаффусгача устунлигини ошириши мумкин эди. Хедира Игуаинни ажойиб пас билан таъминлади, аммо унинг бу сафарги зарбасини Храдецки қийинчилик билан қайтарди.

Криштиану учун алоҳида кун
Танаффусда Бос Демирбай ўрнига Амирини туширди. «Байер» бу орқали ҳужумда фаоллашди, бунинг самарасида Арангисда голли имконият ҳам бўлди. Лекин қарши ҳужумда Криштиану Роналду фойдаланиб қолиши мумкин эди. Чемпионлар лигасида 16 йил муқаддам дебют қилган португалиялик футболчи иккинчи голга ассистентлик қилиши мумкин эди, аммо унинг саъй-ҳаракатларини Бернардески йўққа чиқарди, унинг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Кейинги вазиятда Роналду қайчи услубида зарба беришга ҳаракат қилди, аммо бу зарба ҳам бироз хато кетди, португалиялик эса бу ҳаракати давомида рақиб ҳимоячисидан бошига зарба қабул қилиб олди.

Кейин у Куадрадодан идеал пас қабул қилиб олиб, тўпни Храдецкининг қўлларига қарата тепди. «Олтин тўп»нинг беш карра соҳибининг ҳадеганда омади келавермади. Иккинчи бўлим бошидаги муваффақиятли ҳужумлардан бирида Игуаин қанотдан дарвозабон ҳудудига тўп узатди, Роналду эса тўпга зарба беришга улгурмади, ундан ўтиб кетган тўпни Бернардески дарвоза тўрига жойлаб, «Юве»нинг устунлигини оширди.

«Байер» шундан сўнг рақибнинг кучли зарбасини ўтказиб юбориб, ринг четидаги канатга осилиб қолган боксчига ўхшаб қолди, футболда нокаут ҳолати бўлмайди, энди ўйиндаги интрига мезбонлар яна нечта гол уришида эди. Мезбонларда эса ҳисобни йириклаштириш учун етарлича имкониятлар бўлди, Пьяничнинг зарбаси устундан қайтди, Роналду яна бир марта Игуаиннинг пасини кўкка совурди. Гўё туринликларнинг «еттинчи» рақамли футболчисининг зарбаларини Храдецки сеҳрлаб қўяётгандек эди. Аммо у барибир гол урди. Дибала майдонга тушгач Криштиануга гол уришда ёрдам берди.

Туринликлар юлдузининг Чемпионлар лигасида гол уриши вақт масаласи эди, рақиблар унинг голларидан қочиб қутула олишмайди. Роналду бу турнирда қаторасига 14-мавсумда гол урди, «Байер» эса унинг 33-қурбони бўлди.

Бу Раулнинг рекордини такрорлашдир, у Мессини (32 рақиб) ортда қолдирди. Лекин Лео чоршанба оқшомида ўзининг абадий рақобатчисига етиб олиши мумкин, агар «Интер»га қарши ўйинда майдонга тушса ва гол урса. Аргентиналик юлдуз турнирдаги ғалабалар сони (80) бўйича анча ортда қолган: Роналду сешанба оқшомида турнирдаги 102-ғалабасини нишонлади ва Касильясни тахтдан туширди.

Маурисио Сарри шогирдлари иккинчи турдан кейин гуруҳда пешқадамликни ўз қўлларига олишди.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top