Ўзбекистон | 19:45 / 02.10.2019
2210
2 дақиқада ўқилади

Янги китоб янги фикр демакдир — Хуршид Дўстмуҳаммад «Tashkent Book Fest» ярмаркаси ҳақида

«Tashkent Book Fest» 1-Тошкент китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида бир қатор муаллифларнинг китоб тақдимотлари ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Кўргазманинг дастлабки куни бир неча китоблар китобхонларга таништирилди. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровнинг «Меҳр қуёши» китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Асар Ғафур Ғулом номидаги НМИУ томонидан нашр этилган. 

Тақдимотда иштирок этган Анвар Обиджон, Хуршид Дўстмуҳаммад каби ёзувчилар ушбу китоб ҳақида ўз фикрлари билан бўлишдилар. «Китобда кўплаб таъсирли ўринлар, ўйлашга, мушоҳадага тортадиган сатрлар мавжуд. Масалан, кўз олдингизга келтиринг, китобдан бир дона киприк толасини топсангиз нимани ўйлайсиз?.. Муаллиф бу отамни ёки онамни киприги эмасмикин, деб хаёлга толади. Шу биргина заррадек нарса инсонга ҳаёти ўтмишини эслатади. Бундай топилмалар китобда жуда ҳам кўп», дейди Х.Дўстмуҳаммад.

Шунингдек, ёзувчи кўргазма-ярмарка хусусида таассуротларини сўзлаб берди: «Дунёда байрамлар кўп. Бўлиб ўтаётган бу кўргазма қаламкаш ва китобхонлар учун алоҳида бир байрам. Бу ерда сиз янги китоб кўрасиз, демакки, янги фикр оласиз, янгилик топасиз. 

Мазкур кўргазмада китоблар нашр этиш технологияси ривожланиб кетганини кўряпмиз. Шу ҳисобда Ўзбекистондаги нашриётлар ҳам хорижникидан кам эмас. Мавзулар хилма-хиллиги, муаллифларнинг, таржима адабиётларнинг кўплиги қувонтиради, албатта».

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид