Ўзбекистон | 15:37 / 02.10.2019
5092
3 дақиқада ўқилади

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва уларнинг реализацияси мониторингини амалга ошириш тартиби тасдиқланди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва уларнинг реализацияси мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Тартибга кўра, қуйидагилар идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали:

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қимматбаҳо металлар сотиб олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисида;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришга лицензия;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисида;

в) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси республика ҳудудига олиб кирилган ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштирилган заргарлик буюмлари (ТИФ ТН позицияси 7113- 7116), қимматбаҳо металл ва тошлар (ТИФ ТН позицияси 7101-7112) тўғрисида;

г) Ўзбекистон Республика товар хом ашё биржаси биржа савдолари орқали қимматбаҳо металларни сотиб олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисида;

д) “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти қимматбаҳо  

металлар сотиб олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб боради.

Келиб тушган ҳамда мавжуд бошқа ахборотлар асосида Давлат солиқ қўмитасида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан шакллантирилган маълумотларни тадбиркорлик субъектларининг давлат солиқ хизмати органларига топширган хисоботлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида маълумот тақдим этадиган ташкилотлардан олинган маълумотлар билан солиштириш орқали камерал назоратдан ўтказилади.

Камерал назорат натижасига кўра тафовутлар мавжудлиги аниқланса, солиқ тўловчига унинг ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда талабнома юборилади.

Камерал назорат натижалари бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш лозим деб топилган ҳолларда, белгиланган тартибда мавзули экспресс-ўрганиш амалга оширилади.

Камерал назорат ва (ёки) мавзули экспресс-ўрганиш, шунингдек, ўтказилган текширишлар натижасига кўра тадбиркорлик субъектлари томонидан асиллик даражасини белгилаш ёки тамғалашнинг белгиланган тартибини бузиш, шунингдек, кирим қилинмаган заргарлик буюмларини сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар ва бошқа тўловларни ҳисоблаш ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда, материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Мавзуга оид