Ўзбекистон | 19:01 / 17.05.2019
6866
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда заргарлик тармоғида кластер ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Президентининг фармони билан мамлакатда 2019-2023 йилларда заргарлик тармоғини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, заргарлик соҳасига оид ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар базаси такомиллаштирилади.

Заргарлик тармоғида кластер ишлаб чиқариш йўли орқали кооперация ташкил этилади. Хусусан, «2-заргарлик корхонаси» давлат корхонаси ва Учтепа миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи бинолари негизида, Наманган шаҳри ва Навоий вилоятида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш бўйича заргарлик кластерлари ташкил этилади. Шу билан бирга, заргарлик кластерларида ўқув марказлари ташкил қилинади. 

Республиканинг туристик ҳудудлари, жумладан, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Хоразм ва Тошкент шаҳарларида заргарлик устахоналари ва магазинлари барпо этилади. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганч халқаро аэропортларининг божсиз савдо ҳудудларида (Duty Free) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулолари билан савдо қилувчи заргарлик магазинлари очилади.

Чора-тадбирлар дастурида Ўзбекистон заргарларининг нуфузли халқаро ҳамда ихтисослаштирилган заргарлик кўргазмаларида қатнашишлари ҳамда заргарлик соҳасидаги етакчи хорижий компанияларда малака оширишларини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид