Маълум қилинишича, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва (ёки) уларни чакана сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга 2026 йил 1 январдан бошлаб тўланган ҚҚСнинг 80 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.
Ушбу вақтинчалик тартиб 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Қайд этилишича, тадбиркорлар солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг, аммо 3 ойдан кечиктирмасдан ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилиши мумкин. Мурожаатлар автоматлаштирилган дастур орқали кўриб чиқилади.
ҚҚСни қайтариш қуйидаги шартлар бажарилганда амалга оширилади: солиқ ўз вақтида тўлиқ тўланган бўлиши, тушумнинг камида 80 фоизи заргарлик маҳсулотларидан шаклланган бўлиши ҳамда ҳисоб-фактура ва чекларда тегишли идентификация кодлари акс эттирилган бўлиши лозим.
Шунингдек, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун солиқ базаси маҳсулот нархи ва унинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ҳамда тошлар қиймати ўртасидаги ижобий фарқ асосида аниқланади.















