19:18 / 03.10.2019
12
47311

Меҳнат бозорида кимга талаб кучли: бакалавр ёки магистр?

Бу йил битирувчи курс талабасиман. Ўқишни тамомлаб, қайси йўлни танласам экан: магистратурада таҳсил олганим яхшими ёки бакалавр дипломи етармикин? Ишга жойлашаётганда бу икки даражага аҳамият бериладими? Орангизда мен каби «боши қотганлар» кўпчиликни ташкил этишига ишончим комил. Магистратура таълими карьера ўсишига ижобий таъсир кўрсатадими? Ўзи аслида, магистратуранинг мақсади нима? Меҳнат бозорида қай бирига талаб ҳар қачонгидан юқори? Бу босқич ростдан ҳам бизга керакми ёки икки йиллик умрни банд қилиш учун жорий этилганми? Ушбу мақола орқали масалага илмий ва амалий жиҳатдан баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. 

«Магистр ва бакалаврларнинг меҳнат мақомини тегишли қонунлар билан белгилаб олиш зарур»

Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:

— Магистратурага танлов жуда кам. Ўтган йили Самарқанд давлат университетига битта бакалавр ўрнига 10 нафар абитуриент тўғри келган бўлса, магистратурада атиги 2тани ташкил қилди. Бунга сабаб бакалавр ва магистрнинг меҳнат мақоми аниқ белгиланмаганидир. 20 йил муқаддам олий таълимнинг икки босқичли тизимини қабул қилганмиз-у, аммо бу икки тур диплом соҳибларининг эгаллаши мумкин бўлган лавозимлари ёки маошлари фарқини тасдиқламаганмиз (олий таълим бундан мустасно). Шунинг учун магистратурада ўқишга қизиқиш қолмаган, обрўси паст. Барча соҳаларда асосий вазифалар магистрларга берилса, унинг мақомини юқорига кўтара олсаккина, сифатли кадрга эга бўламиз. Умумкасбий маълумотгагина эга бакалаврлар ва умумилмий маълумотга эга магистр мутахассислар билан истеъмолчилар талаб ва эҳтиёжини қондиролмаймиз. Магистрларни тайёрлашнинг амалдаги мақоми сифатли мутахассисни бера олмаяпти. Магистр ва бакалавр дипломи соҳибларининг меҳнат мақомини ҳам тегишли қонунлар билан белгилаб олиш зарур. Ушбу таълим турининг ўзимизга муносиб моделини қабул қилмасдан туриб, таълим-тарбиянинг барча босқичларида қўйилган мақсадга эришиш мушкул. Афсуски, шу пайтгача олий таълимнинг бу босқичининг асл моҳиятига муносиб аҳамият бермай, унга енгил-елпи қараб келинмоқда.

«Юқори лавозимларда ишлаш учун магистратурада ўқиш лозим, деган нотўғри қараш шаклланган»

Фирдавс Саидов (ОТМ ўқитувчиси)

— Бизда магистратурага нисбатан нотўғри қарашлар шаклланган. Биринчидан, аксарият одамларимиз магистратурада ўқисамгина тўлиқ олий маълумотли шахс бўламан, деб ўйлашади. Иккинчидан, магистратурада ўқимасам карьера қилолмайман, дейди. Оддий қилиб айтганда, юқори лавозимларда ишлаш учун магистратурада ўқиш лозим, деб ҳисобланади. Аслида, магистратура – бу илм эканлигини тушуниб етишимиз керак. Илмий изланишлар қилиш, ўз соҳаси бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва натижада ушбу олган илмини олий таълимда амалиётга жорий этиш бу босқичнинг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши керак.

Меҳнат бозорида ҳар икки босқичга ҳам талаб бор. Бироқ баъзи бир тушунмовчиликлар юзага келади. Масалан, бирор лавозимга икки талабгор бор, дейлик. Бири бакалавр, иккинчиси магистр. Иш берувчи кўп ҳолларда магистрни танлайди. Гарчи уларнинг ҳар иккиси ҳам таклиф этилаётган ишда ишлашга ҳақли бўлса ҳам. Бу ҳам нотўғри. Натижада бакалавриатурани битирган шахс ҳам магистратурада ўқишга интилади. Унда илмий ишлар олиб бориш лаёқати бўлмаса ҳам, келажакда ўз кареьрасини қилиш учун магистратура керак экан, деган фикр билан унда ўқишга ҳаракат қилади. Мана шунга ўхшаган талаблар кўпайиб кетиши натижасида магистратуранинг даражаси тушиб кетяпти. Магистратура карьера қилиш учун эмас, балки илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик фаолият олиб бориш учун мўлжалланган таълим тури экани тушунилиши керак.

«Айримлар амалиётда иш тополмагач, бакалаврни битиргандан кейин нима қилишни билмасдан магистратурага киради»

Назира Тошпўлатова (ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти)

— Меҳнат бозорида магистрлар учун алоҳида имтиёзлар белгиланмаган. Магистратура академик таълим тизими бўлиб, муайян соҳа ва мутахассисликдаги билимларни чуқур ўрганиш, илмий-тадқиқот олиб борадиган, педагогика билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун мўлжалланган. Магистратура даражаси тушиб кетишига сабаблардан бири унинг моҳияти, ҳаётда қанчалик керак бўлишини тушунмасликдир. Жуда кўплаб магистрлар ушбу таълим босқичи мақсадини тўлиқ англаб етишмаган. Тўғри, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, илмий фаолият олиб боришни истовчилар йўқ эмас. Афсуски, улар орасида амалиётда иш тополмасдан, бакалавриатни битириб нима билан шуғулланишни билмасдан икки йил умрини банд қилиш учун магистратурага кирадиганлар ҳам бор. Натижада, улар ўқишни битириб бакалаврлардан юқори даражаси бўлса ҳам салоҳият жиҳатидан улардан ортда қолиб кетяпти. Бакалавр босқичида маълум соҳа мутахассислари етиштирилса, магистратурада ўша соҳа чуқур ўрганилади, долзарб муаммоларини имконият даражасида ҳал қилиш йўллари топилади, илмий-тадқиқот олиб борилади.

Ўзбекистон олий таълим тизими магистратура босқичини ўқитишда бир қанча камчиликлар бор. Жумладан, фундаментал фанларни танлашда умумийликлар бор, дастурлар мустаҳкам тузилмаган. Магистрлар маълум илмий муаммони мустақил равишда ўрганиши, уни ечимларини топиши лозим. Бу босқичда профессор-ўқитувчилар талабалар билан индивидуал ишлаши талаб этилади. Лекин аксарият талабалар индивидуал топшириқларни тушунишмайди, тадқиқот олиб бориш кўникмасини ўзларида шакллантира олишмайди.

Барча билган ҳақиқат: магистр бакалаврдан кўра кўпроқ билимга эга бўлиши керак. Юқорида айтилганидек, меҳнат бозорида магистрларнинг мақоми ҳисобга олинмагани учун бу босқични танлайдиганлар жуда кам. Магистрларнинг астойдил ўқимасликларига яна бир сабаб уларнинг ишлашидир. Кўпинча уларга 0.25 ёки 0.5 ставка ишлашларига рухсат берилади (тўлов-шартнома пулини тўлашлари учун). Ўткир савол туғилади: магистрлар ишлайдиган бўлса, қачон илмий-тадқиқот билан шуғулланади? Агар меҳнат бозорида уларга имтиёз берилса, бу, албатта, стимул вазифасини бажарган бўларди, сифатли кадрларга эга бўлардик.

Давлат ташкилотига ишга киришда магистрлик дипломи қанчалик аҳамиятли?

Меҳнат бозорида магистрлик дипломи қай даражада қадрланади? Давлат ташкилотларига (нодавлат ташкилотлари ҳисобга олинмади, чунки хусусий секторда бунинг аҳамияти деярли йўқ) ишга киришда унинг аҳамияти қай даражада? Буни билиш мақсадида бир неча ташкилотларга мурожаат қилинди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, адлия тизимида магистрлик даражаси фақат педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларда талаб этилади. Раҳбарлик лавозимига ҳам бакалавр дипломининг ўзи кифоя қилар экан. Асосий эътибор кадрнинг ишчанлик қобилияти, назарий билим ва касбий лаёқатига қаратилади. «Ўзавтосаноат» АЖ таркибида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳам 4 йиллик олий таълимнинг ўзи етарли эканлиги маълум қилинди. Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати билан ҳам боғланилганда,  ишга қабул қилиш махсус тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, унда кадрнинг асосан касбий салоҳиятига эътибор берилиши айтилди. Ушбу ҳужжатда номзоднинг бакалавр ёки магистр дипломига алоҳида имтиёзлар берилиши ҳақида айтилмаган. Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, бакалавр дипломи ишга қабул қилишда асос вазифасини ўтайди.

Муҳаббат Маъмирова

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top