Андижон вилояти ҳокими «Девонабой» масжиди муаззинига автомашина совға қилди
27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 816-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган «1 октябрь - Халқаро кексалар куни»ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланди.
Октябрь ойининг биринчи ҳафтасида “Кексалар ҳафталиги” доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Андижон вилоятида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури асосида кекса авлод вакилларининг Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги шаҳар ва зиёратгоҳларига саёҳати ташкил этилди.
Бугун, 5 октябрь куни андижонлик нуронийлар Хонобод шаҳрида бўлиб, бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Андижон вилоят ҳокими узоқ йиллар самарали меҳнат қилган бир қатор кексаларни тақдирлади. Шуҳратбек Абдураҳмонов андижонлик таниқли қори, «Девонабой» масжиди муаззини Муҳаммаджон Темировга Нексия-3 автомашинасини совға қилди.
Муҳаммаджон қори Темиров эл орасида Қуръон сураларини ўзгача ширали овози билан тиловат қилиши орқали шуҳрат қозонган.
Элмурод Эрматов